Ўзбекистонлик аёл бирданига 4 фарзанд дунёга келтирди

Жамият

Ҳаёт — бебаҳо неъмат. Унда гоҳида шундай мўъжизалар рўй берадики, беихтиёр кўнгиллар ҳайрат ва қувончга тўлади. Куни кеча ана шундай мўъжизалардан бири рўй берди. Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи Жўраевлар хонадонида, бир йўла 4 нафар эгизак фарзанд дунёга келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот котиби Фурқат Санаев хабар берди.

Ўтган йили турмуш қурган Шоира Жўраева Бекобод шаҳридаги фармацевтика заводида кичик ходим, Бекзод Жўраев эса Ўзбекистон металлургия комибинатида инженер.

"Қувончимни, ҳаяжонимни ҳеч қандай сўз билан изоҳлай олмайман. Даставвал 4 нафар эгизак кутаётганимни эшитганимда ҳам хурсанд бўлдим, ҳам қўрқдим. Шифокорлардан миннатдорман. Мен билан елкама-елка туриб, яқин жигарларидек ғамхўрлик кўрсатишди. Фарзандларим эсон-омон туғилишида ёрдам беришди", дейди бахтиёр она Шоира Жўраева.

Ҳа, аёлга оналик бахтини ҳадя этиш ҳам машаққатли, ҳам шарафли. Бу йўлда Республика Перинатал марказида барча шароит яратилган бўлиб, ходимлар фидокорлик ва жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилишмоқда.

"Шоира Жўраева ҳомиладорликнинг бошланишидан турар жойидаги тиббиёт муассасасида назоратга олинган. Унда эрта туғруқ хавфи бўлгани учун август ойининг охирида Бекобод шаҳридан марказга ўтказилди. То туғруққача унга замонавий перенатал технологиялар бўйича барча ёрдам кўрсатилди. Шифокорларнинг тажрибаси сабаб  эрта туғруқнинг олди олиниб, туғруқни 34 ҳафтага олиб боришга эришилди. Болаларни соғ-саломат она қўлига топшириш чора-тадбирларини белгилаш мақсадида одатдагидек марказ директори, ўринбосари ҳамда барча мутахассислар иштирокида туғруқ режаси тузилди. Туғруқ жараёни учун барча замонавий  аппаратлар шай ҳолатга келтирилиб, 21 сентябр куни аёл жарроҳлиқ амалиётига режали равишда олинди", дейди марказнинг ҳомиладорлар патологияси бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди  Дилфуза Ҳайитова.

Тиббиёт тарихида камдан-кам кузатиладиган кўп ҳомилали операцияларнинг асоратли эҳтимоли жуда кучли бўлади. Яъни бу жараёнда бачадондан қон кетиб, аёлнинг аҳволи оғирлашиши мумкин. Шу боис барча зарурий тайёргарликлар кўрилди. Ҳар бир болага тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатиш учун алоҳида мутахассислар ва аппаратлар тайёрланди.

Шу тариқа акушер генеколог, неанотолог, реаниматолог, анистезиолог каби мутахассислардан таркиб топган ўн кишиданиборат малакали гуруҳ операцияда иштирок этди.Туғруқнинг асоратсиз ўтиши учун жарроҳлиқ амалиёти сўнгги перенатал технологиялар бўйича олиб борилди. Салкам бир соат давом этган жараёнда барча ходимлар бирдек жонбозлик кўрсатди. Операция муваффақиятли кечди. Ҳозирда чақалоқларнинг уч нафари интенсив болалар бўлимида. Бир нафарининг аҳволи эътиборталаб бўлгани учун чақалоқлар реанимацияси бўлимида кузатув ва интенсиз даволаш жараёнида.

Онанинг аҳволи анча яхши. У операция столидаёқ тўрт нафар боласи, яъни икки нафар ўғил ва икки нафар қизалоқни бағрига олди. Болаларни парваришлашда бевосита ўзи иштирок этмоқда. Бу кунни орзиқиб кутган оила аъзолари ҳам хурсанд. Нафақат улар, балки марказ шифокорлари ҳам гўдакларни она қўлига топширишда ҳисса қўшишганидан жуда хурсанд. Дарҳақиқат, меҳнат самарасини кўрганда ҳар қандай машаққатлар унутилади.

Дарвоқе, ўша куни яна бир мўъжиза кетма – кет юз берди. Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Жавдат ва Умида Мамадиевлар оиласи 7 йилдан буён фарзанд кутаётган эди. Сабрнинг меваси сифатида бир эмас, 3 нафар фарзанд, яъни бир ўғил ва икки қизалоқ ота-она бағрини тўлдирди. Умида Мамадиева ҳам Республика Перенатал марказида режали равишда туғруққа тайёрланди. Тўлиқ таркибдаги гуруҳ иш олиб борди. Ҳозирда болаларнинг аҳволи яхши. Она болалар парвариши билан машғул.

Айни пайтда чақалоқлар ҳам, оналар ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги назорати остида бўлиб, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Бекобод эгизак фарзанд

Баҳолаганлар

280

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг