Коррупцияга қарши курашда энг асосийси сиёсий ирода мавжуд – Акмал Бурхонов
Интервью
−
19 Февраль 2020
7842Парламент қошида жамоатчилик махсус комиссияси (мувофиқлаштирувчи гуруҳ) тузилади. Шунингдек, коррупцияга қарши курашда энг асосийси сиёсий ироданинг мавжудлиги муҳим ҳисобланади. Халқаро анжуманда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари, Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурхонов QALAMPIR.UZ сайтига бу ҳақда гапирди.
Бурхонов ислоҳотларни амалга оширишдаги асосий муаммолар маҳаллий ҳудудларда кузатилаётганини айтади.
“Асосий мақсад ахоли фаровонлигини оширишни таъминлаш ҳисобланади. Тошкентдан туриб Парламент буни тўлиқ амалга ошириши қийин. Шунинг учун ҳам мажлисда Парламент маҳаллий Кенгашлар ва ижро органлари билан ҳамкорлик қилиши зарурлиги таъкидланди”.
Шу билан бирга, Бурхонов жамоат ташкилотларининг ислоҳотлар ижроси жараёнида ҳали тўлиқ иштироки таъминламаётганини савол остига олади.
“Энг катта тавсия бу – Парламент ҳузурида жамоатчилик махсус комиссияси (мувофиқлаштирувчи гуруҳ) тузилиб, ҳар ойда у Мурожаатнома, давлат Дастурида белгиланган вазифаларнинг жойлардаги мониторингини ўрганади.
Иккинчиси, жамоат ташкилотлари билан маҳаллий Кенгашлар ҳамкорликда гуруҳлар тузган ҳолда, ҳар ой давлат дастурларининг ҳудудларда амалга оширилишининг мониторингини ўрганади. Вақти-вақти билан бунинг таҳлиллари Сенатга тақдим этилишининг механизмлари ишлаб чиқилади”, дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари.
Акмал Бурханов QALAMPIR.UZ мухбирининг давлат коррупцияга қарши курашда қайси йўналишдан бориши лозим экани ва амалдорларнинг ўзи коррупцияга қарши курашишга қай даражада тайёр экани ҳақидаги саволига қуйидагича жавоб берди.
“Ҳозирда энг асосийси, сиёсий ирода мавжуд. Коррупцияга қарши курашиш оғиздан қоғозга, қоғоздан амалиётга ўтишни бошлаяпти. Сиёсий ирода борлиги деганда, давлат Президент, Парламент, Ҳукумат даражасида коррупцияга қарши курашишга тайёр экани тушунилади”, дейди депутат.
Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги энг асосий муаммо коррупцияга қарши курашиш ҳисобланади. Президент бунга қарши курашишда алоҳида ташкилот тузилишини айтганди. Сал аввал Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов давлат хизматчиларининг даромадлари ва харажатларини декларациялаш масаласида ҳужжат ишлаб чиқилгани ва бу борада вазирлик бошқа масъул ташкилотлар билан келишиш жараёнида эканини маълум қилди.
Мантиқан олиб қарайдиган бўлсак, бу ҳужжат қабул қилинишидан аввал давлат хизматчилари тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши лозим. Унда давлат хизматчилари кимлар деган ва бошқа саволларга жавоб берилиши зарур. Қонунчиликда бундай ҳужжат мавжуд эмас. Демак, Парламент ва бошқа ташкилотлар тезроқ ушбу ҳужжат устида ишлаши мақсадга мувофиқ бўларди. Бўлмаса, Президент айтган алоҳида тузилма ташкил этилиши кечикаверади.