Вазият чигаллашди - Туркия махсус кучларини Идлибга жўнатмоқда
Олам
−
07 Февраль 2020
6494Бугун, 7 февраль куни Туркия махсус кучларини Идлиб зонасидаги кузатув пунктларига ўтказишни бошлади. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, махсус кучлар, ҳарбий техника ва ўқ-дорилар билан таъминланган 150 юк машиналаридан иборат карвон чегарадаги Хатай вилоятининг Райҳонли туманига етиб борган. Ҳарбийлар У ердан Сурияга йўл олишади.
Айтиш мумкинки, Сурияда бўлаётган воқеалар яқин келажакдаги гаплар эмас. Мамлакат 2014 йилдан буён уруш исканжасида. Турли куч ва манфаатларнинг тўқнашувлари оқибатида мамлакат пароканда бўлди, қурбонлар сони миллионга яқинлашди. Суриядаги уруш глобал мавзуга айланди.
Жаҳонда юқори турувчи ташкилотлар ва давлатлар аралашуви иштирокида ўтказилган музокаралар ва ҳарбий ҳаракатлар мамлакатдаги уруш оловини бироз пасайтирди. Жангарилар эгаллаб турган кўплаб ҳудудлар озод этилди. Сўнгги ойларда ўз уйларини ташлаб кетган қочқинлар шаҳар ва қишлоқларига қайтишди. Аммо мамлакатнинг айрим ҳудудларидаги таранглик янада кескинлашди. Ана шундай ҳудудлардан бири Идлиб бўлиб турибди. Бу ерда Сурия ҳукумат армияси ва Туркия ҳарбийлари ўртасида низолар келиб чиқмоқда.
Россия, Эрон ва Туркия 2017 йил май ойида Остонада (ҳозирги Нур-Султон) Сурияда тўртта декалация зонасини яратишга келишиб олган эди. Улардан учтаси 2018 йилда расмий Дамашқ назоратига ўтди. Идлиб ва қўшни Латакия, Хама ва Ҳалаб вилоятида жойлашган тўртинчиси ҳали ҳам ҳукумат қўшинлари томонидан ишғол этилмаган. Ҳудуднинг аксарият қисми "Жабаҳат ан-Нусра" террорчилари томонидан назорат қилинмоқда.
2018 йил сентябрь ойида Сочида Россия ва Туркия Идлибда қуролсизлантирилган зонани ташкил этиш тўғрисида битим имзолаган эдилар. Идлибда ўндан ортиқ турли хил гуруҳлар мавжуд. Уларнинг энг йириги, туркпараст "Миллий озодлик фронти" ва "Жабаҳат ан-Нусра" каби жами 30 минг жангариларнинг бирлашмаси ҳисобланади.
Шу йилнинг январь ойи охирида Сурия армияси Ҳалаб ғарбига ҳужум қилиб, шаҳарнинг турар-жой ҳудудларини террорчилардан тозалаш мақсадида ҳар куни бомбардимон қилди. Бунинг натижасида ўнлаб тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлди. Уч кундан кейин Башар Асад армияси 2012 йилдан бери жангарилар назорати остидаги ва уларнинг энг катта таянч нуқталаридан бири бўлган Маарет Нууман шаҳрини террористлардан озод қилди.
Сўнгги кунларда Суриянинг Идлибга ҳужумларни кучайтириш фонида Анқара ва унинг баъзи шериклари расмий Дамашқ ва Москвани гуманитар бинолар ва турк ҳарбийларига зарба беришда айбламоқда.
Жорий йилнинг 3 февраль куни Идлибда Сурия ҳукумат армияси билан тўқнашувлар натижасида олти нафар турк аскари ҳалок бўлгани айтилди.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Идлибдаги вазият нормаллашмаса, Анқара жим турмайди ва бунинг учун барча зарур чораларни кўради, шу жумладан ҳарбий куч ҳам ишлатади.