ХТВ пневматик қурол масаласида ОАВни шов-шув кўтаришда айблади
Жамият
−
22 Февраль 2019
8287Аввалроқ, Тошкентдаги 5-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчисидан пневматик қурол топилгани, кейинроқ, бу қурол пластик ўйинчоқ бўлиб чиққани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мазкур ҳолатга муносабат билдирди.
Унда шундай дейилади:
“Оммавий ахборот воситалари (ОАВ) томонидан 2019 йил 20 февраль куни соат 09:30 да Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси сумкасидан MINI UZI IWI пневматик автомат топилгани ҳақидаги хабар эълон қилинди.
Мазкур ҳолат мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари томонидан аниқланган ва мактаб маъмурияти мазкур ҳолат бўйича Юнусобод туман ИИБга мурожаат қилган. Қўшимча суриштирув ишларини олиб бориш учун Юнусобод туман ИИБга ўқувчи ва унинг ота-онаси чақиртирилди.
Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 27 февралдаги 3-сон қарори 2-бандига мувофиқ, пневматик қурол ўқотар қуролга кирмаслиги тўғрисида тушунча берилган ва мамлакатимизда пневматик қуроллар савдосига ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаган.
Вазирлик томонидан мактаб раҳбарларига ота-оналар билан мажлислар ўтказиб, бундай ҳолатлар юзага келмаслиги учун тушунтириш ишларини кучайтириш юзасидан топшириқлар берилди.
Халқ таълими вазирлиги ота-оналарни фарзандларига жамоат жойларида, жумладан, мактаб ҳудудига бу каби буюмларни олиб келмаслиги ҳақида тушунтиришлар беришга чақиради.
Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати ОАВ вакилларини бу каби ҳолатлардан шов-шув яратмасликка чақиради”.
LiveБарчаси