Бош прокуратура терговида қийноқлар бўлган...ми? БП текширув натижаси бўйича QALAMPIR.UZ'га мактуб йўллади
Жамият
−
25 Июнь 2020
13572Жорий йилнинг февраль ойида QALAMPIR.UZ’да “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли махсус фильмни эълон қилганди.
Ушбу фильмда 2017 йилнинг кузида “Бекобод металлургия иши” бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар Жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айбланганлиги, уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилиб, терговдаги шахсларнинг ҳуқуқлари терговчилар томонидан поймол этилгани баён этилганди.
Шунингдек, тергов вақтида Бош прокуратура ходимлари уларни аёвсиз калтаклагани, бошларига “целлофан” пакет кийдиргани, совуқ хоналарда ечинтиргани, турли даражадаги жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказиб, қийноққа солгани маълум қилинганди.
Ушбу фильм ва унда ёритилган масала ҳозиргача жамоатчилик, сиёсий элита диққат марказида бўлиб келмоқда.
Мазкур фильмда жамоатчилик ўз муносабатини билдирди. Депутатлар Расул Кушербоев ва Хуршид Дўстмуҳаммад Омбудсманни сўроққа тутди. Хуршид Дўстмуҳаммад Бош прокуратура терговидаги қийноқларни “фашистик азоб” деб атади.
Ва ниҳоят орадан 4 ой ўтиб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ушбу фильмда ёритилган масала бўйича ўрганишлар ўтказиб, натижаларини хат орқали QALAMPIR.UZ’га йўллади. Ушбу мактубни – фильмда кўтарилган масалалар бўйича ўтказилган суриштирувлар натижаларини Бош прокуратура сайтида расман эълон қилинишини сўрашимизга қарамай, БП Матбуот хизмати уни рад этди. Бош прокуратура ўз мактубининг аввалини QALAMPIR.UZ’нинг хатоларини санашдан бошлаган. Ушбу баёнотни тўлиқ ва имловий хатолари билан тақдим этишни маъқул топдик. Мактубда шундай дейилади:
2020 йил 21 февраль куни “QALAMPIR.UZ” сайтида эълон қилинган “Бош прокуратурадаги дахшатли қийноқлар 18+” номли мақола ва видеофильм юзасидан расмий баёнот
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг марказий маҳкамаси томонидан жорий йил 21 февраль куни “QALAMPIR.UZ” сайтида қўйилган “Бош прокуратурадаги дахшатли қийноқлар 18+” номли мақола ва видеофильмда келтирилган ҳолатлар ва важлар юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Мамлакатимизда сўз эркинлигини мустаҳкамлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда журналистлик фаолияти, қолаверса давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами беқиёс.
“QALAMPIR.UZ” сайти мухбирлари ҳолатга тўлиқ аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратура Матбуот хизматига мурожаат қилмаган. Ваҳоланки Матбуот хизмати томонидан барча оммавий ахборот воситалари хусусан мазкур сайт билан ҳам ҳамкорликда бир қанча мақолалар тайёрланган.
Бироқ, мақола ва видеофильмни тайёрлашда “QALAMPIR.UZ” сайти мухбири томонидан бир томонлама ёндашилиб, материаллар судланувчиларнинг кўрсатмаларига асосланган холос.
Қолаверса, “QALAMPIR.UZ” сайти масъуллари томонидан мазкур моқалани чоп этиш ва видеофильмни сайтга қўйишдан олдин тайёрланган материаллар кўриб чиқилиши ва дастлабки таҳрирдан ўтказилиши, ушбу турдаги материаллар тайёрланишида амалдаги қонун ҳужжатларга риоя этилиши шартлиги юзасидан масъул мухбирга тушунтириш бериши керак эмасмиди.
“Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида – Ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист ўзи тайёрлаётган материалларнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шартлиги белгиланган.
Шундай экан, “QALAMPIR.UZ” сайтининг ҳар бир мухбири хохлаган мавзуда ҳаққонийлик ва холисликка амал қилмасдан ўз билишича “Сенсацион” материаллар тайёрлаб, кенг омма муҳокамасига чиқариб юбориши қанчалик тўғри.
Видеофильмда Бош прокуратура терговчилари томонидан жиноят ишини тергов қилишда айбланувчиларга нисбатан руҳий босим ва жисмоний қийноқлар қўлланилганлиги баён қилинган.
Ўрганиш натижалари юзасидан қуйидагилар маълум қилинади. Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан 20.08.2017 йилда “Ўзметкомбинат” АЖ ва 49 та хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тергов якунига кўра, видеофильмда интервью берган Абдусаттор Шукуров, Санобар Ёқубова, Баҳодир Ҳалилов, Жавлон Ҳалилов, Равшан Асомов, Зухриддин Закиров, Мавжуда Закирова, Дилфуза Холиқова ва Алишер Узоқовларга Жиноят кодексида назарда тутилган оғир жиноятларни содир этганлиги юзасидан айб эълон қилинган ҳамда жиноят иши ҳужжатлари кўриб чиқиш учун суд муҳокамасига юборилган.
Ушбу шахсларнинг айблари жиноят иши ҳужжатлари бўйича гувоҳларнинг кўрсатмалари, юзлаштириш баённомалари, экспертиза хулосалари, далилий ашёлар, тафтиш далолатномалари ҳамда инкор этиб бўлмайдиган бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланган.
Бундан ташқари, жиноят ишини судда кўриш жараёнида корхонанинг хўжалик фаолияти бўйича қайта тафтиш тайинланиб, натижасига кўра терговда ўтказилган тафтиш асосли деб топилган.
Видеофильмда интервью берган шахсларнинг важлари қуйидагиларга асосан инкор қилинади. Хусусан:
1. Видеофильмда интервью берган Санобар Ёқубова ўзини ҳалол тадбиркор сифатида таништириб, асоссиз равишда жавобгарликка тортилганлигини билдирган.
Жиноят иши ҳужжатларига кўра, С.Ёқубова тадбиркор сифатида тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний металл савдоси билан шуғулланиб, қора металл парчаларини фуқаролардан нақд пулга сотиб олиб, бирор-бир бухгалтерия ҳужжатларида кирим қилмасдан, ушбу қора металл парчаларини О.Саттаров ва Р.Мирзажоновлар раҳбарлигидаги уюшган гуруҳ аъзолари орқали “Ўзметкомбинат” АЖга топшириб, уни қайта ишлатиб, тайёр металл прокатларини бозорда нақд пулга сотиб, ушбу пулларни нақдлаштириш фаолияти билан шуғулланиб келган.
Терговда С.Ёқубова айбига иқрорлик билдириб, жиноятни очишда фаол ёрдам берганлиги ҳамда 435 млн. сўм зарарни ихтиёрий равишда қоплаганлиги сабабли терговда унга нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.
2. Интервью берган адвокат Умид Эшонқулов тергов якуни бўйича айбланувчиларга айблов хулосаси тақдим этилмаганлигини билдирган.
Бироқ, видеофильмда айбланувчи С.Ёқубова тергов якунида қўлига айблов хулосасини олганини гапириб ўтган.
Шундай экан, уйдирма гапларни ким тарқатяпти адвокатми ёки айбланувчими?
3. Абдусаттор Шукуров ўз интервьюсида 2017 йил июнь ойида терговга чақиртирилиб, ўзига тегишли бўлган корхона фаолияти бўйича сўроқ қилингани ва етказилган зарарни тўлаши лозимлиги айтилганлигини билдирган.
Ваҳоланки, жиноят иши 2017 йил 24 август куни кўзғатилган бўлиб, хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари эса 2017 йил сентябр ойидан терговга жалб қилина бошланган.
Шунингдек, А.Шукуров дастлаб 11.09.2017 йилда чақирилиб, гувоҳ тариқасида сўроқ қилинганда, у фирма фаолиятига ўзи раҳбарлик қилганлиги ҳақида кўрсатма берган.
Лекин, ташкилотнинг молиявий ҳаракатлари, пул маблағлари ва товар айланмалари хусусида берилган саволларга умуман жавоб бера олмаган, бирор-бир ҳужжат тақдим эта олмаган. Қонуний раҳбарлик фаолиятини олиб борган шахс қандай қилиб ўз фаолияти ҳақида умуман ҳеч нарса билмаслиги мумкин.
Бундан ташқари, А.Шукуров ўз интервьюсида уни қўрқитиш мақсадида жияни ва ўғлини Бош прокуратурага олиб кетилганлиги ҳақида маълум қилган.
Аслида эса, А.Шукуровга тегишли ҳужжатларни тафтишга топшириш хусусида айтилганидан сўнг, у ҳужжатларни олиб келиш баҳонасида кетиб, терговга келишдан бўйин товлаб юрган, бу орада уни ўғли ёки яқин қариндошлари Бош прокуратурага олиб келинмаган.
Интервьюда А.Шукуров унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳибсхонаси (Юнусобод туманида жойлашган “Гвардейский”)га жойлаштирилган-лигини баён қилган.
Бироқ, А.Шукуров терговга келишдан бўйин товлаб, яшириниб юрганлиги сабабли унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, ДХХнинг тергов ҳибсхонасига эмас, балки Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган ва ўша ерда сақланган.
Шунингдек, А.Шукуров терговчилар уни бошдан оёғигача ечинтириб, хонага совуқ ҳаво киритиш мақсадида деразаларни очиб, қийнаганлигини билдирган.
Мазкур жиноят иши бўйича тергов гуруҳи аъзолари У.Умаров ва С.Файзиевлар ўз хизмат фаолиятларини олиб борган тергов хонасининг ойналари Махтумқули кўчасига қарагани, хафвсизлик нуқтаи назаридан деразаларнинг ички томонидан панжара ўрнатилгани, дераза табақалари айнан ичкарига очилиши сабабли, уларни очиш ва хонага совуқ ҳаво киритишнинг имкони мавжуд эмаслиги А.Шукуровнинг кўрсатмалари ҳақиқатга тўғри келмаслигидан далолат беради.
А.Шукуров интервьюда тергов гуруҳи аъзолари томонидан унга нисбатан жисмоний куч ишлатилганлигини баён қилган. Бу ҳолат ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди.
Биринчидан, Бош прокуратура тергов тармоқларининг барча хоналари ва йўлаклари овозли видео мосламалар билан жиҳозланган бўлиб, терговга қадар текширув жараёнида видеокамералар кўздан кечирилганда бундай ҳолатлар аниқланмаган.
Иккинчидан, амалдаги қонунчиликка асосан, ҳар бир маҳбус уни сақлаш жойларига олиб келинган вақтда ИИБ тиббиёт ходимлари томонидан белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилади, тан жароҳати ёки бошқа руҳий босим ўтказилганлиги ҳолати аниқланган ҳолларда зарурий ҳужжатлар зудлик билан расмийлаштириб, тегишлилигича кўриб чиқиш учун назорат қилувчи прокурорга юборилади.
Аммо, А.Шукуровда бирор марта бундай ҳолатлар кузатилмаган ҳамда у тергов давомида унга тан жароҳати етказилганлиги ҳақида мурожаат қилмаган.
Бундан ташқари, А.Шукуров терговчи томонидан “конвойни дубинкаси” билан унга тан жароҳати етказилганлигини билдирган.
Видеофильмда келтирилган важларни ўрганиш жараёнида маҳбусларни ташишда уларни қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган Тошкент шаҳар ИИББ АҚБ (Алоҳида қўриқлаш батальони) сафдорлари ўз тушунтиришларида ИИВнинг тегишли буйруғига асосан ўзларига бириктирилган қўриқлаш воситаларини бегона шахсларга бериш қатъиян тақиқланганлигини билдириб, ҳақиқатдан ҳам Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармасига маҳбусларни олиб келишганлиги, бироқ тергов бошқармаси терговчилари ёки тергов гуруҳи аъзолари томонидан конвой ходимларига бириктирилган резина таёқ олинганлигини кўрмаганлигини маълум қилган.
Шунингдек, интервьюда А.Шукуров танасида жарроҳлик амалиётидан қолган изларни кўрсатиб, мазкур амалиёт айнан терговчилар томонидан етказилган тан жароҳатлар юзасидан амалга оширилганлигини билдирган.
Бироқ, эътиборлироқ аҳамият берсангиз А.Шукуров интервьюсининг бошида мазкур жарроҳлик амалиёти жиноят ишига жалб қилинмасидан аввал ўтказилганлигини гапириб ўтган. Малакали журналист эса унинг бир-бирига қарама-қарши бўлган кўрсатмаларига эътибор қаратмаган.
Олиб борилган тергов ҳаракатларининг видеоёзувларида ҳам А.Шукуровнинг ҳолатини кузатиш мумкин.
2018 йил 5 май куни А.Шукуров билан унинг ҳимоячиси иштирокида ўтказилган шахсни фотосурат орқали таниб олиш тергов ҳаракатида у ихтиёрий равишда ўзининг раҳбарлигидаги корхонанинг хуфёна раҳбарини таниб олган ва норасмий раҳбарлари хусусида кўрсатма берган.
Шу билан бирга, гувоҳлар ҳам А.Шукуровни фирма фаолиятини юритишда “подставной” раҳбар бўлганлигини, аслида фирмани бошқа шахслар юритганлигини тасдиқлаган.
Таъкидлаш жоизки, тергов ҳибсхонасининг ички тартиб қоидаларига асосан А.Шукуров сақланган камерада яна кимлар сақланиши ёки у айнан қайси камерада сақланишига терговчининг аралашиш ваколати бўлмаган.
А.Шукуровнинг яқин қариндошлари билан учрашиш имкони бўлмаганлиги ҳақидаги важлари ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди.
Чунки, А.Шукуров тергов жараёнида турмуш ўртоғи ва ўғли билан учрашиб, зарур кийимлар ҳамда гигиена воситаларини олган.
4. Видеофильмнинг яна бир иштирокчиси Баҳодир Ҳалилов “Art stal servis” ва бошқа жами 8 та МЧЖларнинг фаолиятига норасмий раҳбарлик қилиб, ўзининг ноқонуний ҳаракатлари билан давлат ва жамият манфаатларига жами 102 млрд. сўм миқдорида зарар етказган.
Б.Ҳалилов ўз интервьюсида терговчилар уни тўпиғига тепганлигини ҳамда адвокатдан воз кечмаса фарзанди Жавлон Ҳалиловга зарар етказиб, ўғлини қамаб қўйишлик билан қўрқитганлигини баён қилган.
Аслида эса, Б.Ҳалиловга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, ИИВнинг 1-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган. Тергов ҳибсхонасида ўтказилган кечки текширувда Б.Ҳалилов кроватдан тушаётган вақтда оёғи сирпаниб кетиб, йиқилиши натижасида чап елкаси синган. Ушбу ҳолат бўйича тергов ҳибсхонаси томонидан Бош прокуратурага хабарнома берилмагунига қадар терговчиларнинг бундан хабари бўлмаган.
ИИВнинг 1-сонли тергов ҳибсхонаси томонидан Б.Ҳалиловнинг елкаси ва Р.Асамовларнинг оёғи синганлиги ҳолатлари юзасидан фотосуратлар билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Бош прокуратурага юборилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Бош прокуратура томонидан ўтказилган текширишда Б.Халилов ва Р.Асамовлар ўз тушунтиришларида уларга нисбатан бирор тарзда тазйиқ ўтказилмаганлигини кўрсатган.
Таъкидлаш жоиз, Б.Ҳалилов билан боғлиқ барча тергов ҳаракатлари унинг ҳимоячиси иштирокида ўтказилган.
Шунингдек, Б.Халиловнинг ўғли Жавлон Ҳалилов “Art stal servis” МЧЖнинг раҳбари лавозимида ишлаб келиб, давлат ва жамият манфаатларига 30.3 млрд. сўм зарар етказганлиги сабабли унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Шу боис, Б.Ҳалиловни фарзанди Ж.Халиловни қамаб қўйиш ёки унга бошқа бир зарар етказиш билан қўрқитишга зарурат бўлмаган.
Терговда Б.Ҳалилов ва Ж.Ҳалиловларнинг манфаатларини адвокат У.Эшонқулов ҳимоя қилган. Уларнинг кўрсатмаларида қарама-қаршилик келиб чиққанлиги сабабли Б.Ҳалилов У.Эшонқуловнинг хизматидан воз кечиш бўйича мурожаат қилган, у ҳимоячи У.Эшонқулов билан холи учрашганидан сўнг ҳимоячи хизматидан воз кечиш бўйича баённома расмийлаштирилган. Б.Ҳалилов адвокат У.Эшонқуловнинг ҳимоясидан ўз мурожаатига асосан ихтиёрий тарзда воз кечган.
5. Жавлон Ҳалилов ўз интервьюсида у қийноққа солинганлигини ва пушаймонлик хати ёзишга мажбурланганлигини маълум қилган. Бироқ, Ж.Ҳалилов иштирокидаги барча тергов ҳаракатлари унинг ҳимоячиси У.Эшонқулов иштирокида ўтказилиб, унга нисбатан руҳий ёки жисмоний тазйиқ ўтказилмаган.
Шу билан бирга, Ж.Ҳалилов ҳимоячиси У.Эшонқуловнинг иштирокисиз бирор-бир кўрсатма бермаган ва Бош прокуратурада ушлаб турилмаган.
6. Видеофильм иштирокчиларидан бири Равшан Асамов айбсиз қамалганлигини билдирган.
Р.Асамов ўзининг ноқонуний ҳаракатлари билан давлат ва жамият манфаатларига жами 87,2 млрд. сўм зарар етказиб, дастлабки терговда 41,6 млрд. сўмини қоплаган.
Жиноят иши бўйича Р.Асамов ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а,в” бандлари ва бошқа моддалари билан айбдор деб топилиб, унга ЖКнинг 57-моддасини қўллаб 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
7. Видеофильмда Зухритдин Закиров 22.12.2017 йилда инсульт ҳасталигига чалинган акаси Х.Закиров терговга жалб қилинганлиги натижасида соғлиги ёмонлашиб вафот этганини билдирган.
З.Закировнинг акаси Х.Закиров металл савдоси билан ноқонуний равишда шуғулланиб келганлиги боис, ҳақиқатдан ҳам тергов органига чақиртирилган.
Бироқ, Х.Закиров терговга чақиртирилганга қадар 5 марта инсульт хасталигини бошидан кечирганлиги сабабли гапира олмаслиги, унинг соғлиғи оғир аҳволда эканлиги инобатга олиниб, у тергов ҳаракатларига жалб қилинмаган.
Х.Закиров Бош прокуратурага чақиртилганидан 3 йил ўтиб вафот этган.
Зухритдин Закиров “Азия голд стар” МЧЖга раҳбарлик қилиб, ўзининг ноқонуний ҳаракатлари билан давлат ва жамият манфаатларига 1,6 млрд. сўм зарар етказганлиги сабабли унга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси билан айб эълон қилиниб, у “қамоқ”да сақланган. З.Закировнинг ҳуқуқлари уч нафар ҳимоячилар томонидан ҳимоя қилинган.
З.Закировнинг турмуш ўртоғи М.Закирова “Электр кабел тармоқ сервис” МЧЖга маълум бир муддат раҳбарлик қилиб, ўзининг ноқонуний ҳаракатлари билан давлат ва жамият манфаатларига 3,3 млрд. сўм миқдорида зарар етказган.
М.Закирова етказилган зарарни ихтиёрий равишда қопламаганлиги сабабли унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, Зухритдин Закировнинг опаси Дилфуза Холиқова “Электр кабел тармоқ сервис” МЧЖ раҳбари бўлиб, ўзининг ноқонуний ҳаракатлари билан давлат ва жамият манфаатларига 49,6 млрд. сўм зарар етказиб, дастлабки терговда 2,5 млрд. сўм миқдорини қоплаган.
Д.Холиқова ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а,в” бандлари ва бошқа моддалари билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Бундан ташқари, видеофильмда бир нечта адвокатлар, жумладан У.Эшонқулов Бош прокуратура терговчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида белгиланган нормалар бузилишига йўл қўйилганлиги ҳақида баён қилган.
Адвокатларнинг мазкур важлари асоссиздир.
Биргина мисол, адвокат У.Эшонқулов айбланувчиларга қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини 7 ойга узайтириш ҳақидаги қарор айбланувчилар ва уларнинг ҳимоячиларига белгиланган муддатда таништирилмаганлиги маълум қилган.
Бироқ, ЖПКнинг 247-моддасида қамоқда сақлаб туриш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, айбланувчи, агар ишда қатнашаётган бўлса, ҳимоячи иштирокида кўриб чиқилиши ва зарур ҳолларда суриштирувчи, терговчи судга чақирилиши мумкинлиги белгиланган бўлиб, ушбу моддада қамоқда сақлаб туриш муддатни узайтириш билан боғлиқ қарорни айбланувчи ёки унинг ҳимоячисига таништириш мажбурийлиги кўрсатиб ўтилмаган.
“Қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ва қамоқда сақлаш муддатини узайтириш юзасидан судга тақдим этилган илтмосномаларни судда кўрилишида айбланувчилар ва уларнинг ҳимоячилари иштироки тўлиқ таъминланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Бош прокуратуранинг марказий маҳкамаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, натижасига кўра бирор - бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Ўрганиш натижаларига кўра, видеофильмдаги шахсларга Бош прокуратура томонидан жиноят ишини тергов қилиш жараёнида бирон - бир тазйиқ ёки босим ўтказилганлигини тасдиқловчи объектив далиллар аниқланмаган.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2020 йил 15 майдаги ҳукми билан Абдусаттор Шукуров, Санобар Ёқубова, Баҳодир Ҳалилов, Жавлон Ҳалилов, Равшан Асомов, Зухриддин Закиров, Мавжуда Закирова, Дилфуза Холиқова ва Алишер Узоқовлар ЖКнинг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, уларнинг барчасига тегишли жазо тайинланган.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, жиноят иши бўйича айбдор шахсларда одил судловга бўлган негатив қарашлар замирида тергов органини обрўсизлантириш, реал ҳолатга нисбатан жамоатчиликда нотўғри фикрларни шакллантириш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали фаол чиқишлар қилинган.
LiveБарчаси