...
МЕНЮ
ONLINE TV

2019 йилги Осиё чемпионати Ўзбекистонда ўтказилади


14:23, 11.05.2018 Спорт
 5 346

Умид Аҳмаджонов ва Шоакром Исроилов Осиё велоспорт конфедерацияси Президенти билан учрашишди.

Бугун, 11 май куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов Осиё велоспорт конфедерацияси Президенти Осама Аҳмад Абдулла ал Шафар билан учрашув ўтказишди. Бу ҳақда МОҚ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда томонлар 2019 йилда велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилишди.


 
“2019 йилги Осиё чемпионати Ўзбекистонда ўтишидан хурсандмиз. Мазкур нуфузли мусобақани юқори савияда ўтказишимизга ишончингиз комил бўлсин. Бугунги кунда Ўзбекистонда Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда федерациялар яқиндан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Авваллари ушбу ташкилотлар тарқоқ ҳолда ишлашарди. Биз нафақат Осиё чемпионатини, балки келажакда жаҳон чемпионатини ҳам Ўзбекистонда ўтказишни истаймиз”, деди Умид Аҳмаджонов.


 
Ўз навбатида ал Шафар Осиё велоспорт конфедерацияси 2019 йилги мусобақани ташкил этишда Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилди.
 
“Ўзбекистондалигимдан хурсандман. Мамлакат спортида рўй бераётган ўзгаришларни кўриб турибман. МОҚ ва вазирлик ҳамкорликда ишлаётганидан мамнунман. Осиё чемпионатини ташкил қилишда Ўзбекистон велосипед спорти федерациясига қандай ёрдам керак бўлса беришга тайёрмиз. Осиё велоспорт конфедерацияси мутахассислари Тошкентда бир неча кун бўлиб, 2019 йилдаги Осиё чемпионатини юқори савияда ўтказиш масаласида ёрдам берадилар”, деди меҳмон.


 
МОҚ раҳбари Умид Аҳмаджонов шунингдек, Тошкентда машҳур спортчи ва мураббийлар иштирокида мастер-класс ва семинарлар ўтказиш борасида ҳам Осиё велоспорт конфедерацияси Президентига мурожаат қилди.
 
“Биз Ўзбекистонда кўпроқ халқаро мусобақалар ўтказишни истаймиз. Велоспортни ривожлантириш йўлида махсус дастур ишлаб чиққанмиз. Спортнинг ушбу турини энг қуйи бўғин – боғчалардан бошлаб ривожлантирамиз. Машҳур спортчи ва мураббийларни Тошкентга юбориб, турли семинар ва мастер-класслар ўтказиш масаласида амалий ёрдам берсангиз хурсанд бўлардик. Федерация билан келишган ҳолда шу йилнинг ўзида 300 та мусобақа ўтказамиз”, деди Умид Аҳмаджонов.


 
Шунингдек томонлар ўзбек велоспортида янги инновацион технологияларни қўллаш, жумладан фотофинишларни жорий этишда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Учрашув якунида Умид Аҳмаджонов анъанага мувофиқ Миллий олимпия қўмитаси номидан меҳмонларга эсдалик совғаларини тақдим этди.


 
Бугун Тошкентдаги “International hotel” меҳмонхонасида Осиё велоспорт конфедерациясининг ижроқўм йиғилиши бўлиб ўтади. Осама Аҳмад Абдулла ал Шафар пойтахтимизга ташрифи давомида Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Нарбаева билан ҳам учрашиши кўзда тутилган.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Умид Аҳмаджонов Шоакром Исроилов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!