Карантинни бузганларга тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилади

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 24 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Мажлисда кун тартибидаги масалалардан бири – “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Қонунда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлик, уларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ ва интернет орқали тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллашни назарда тутувчи норма билан тўлдирилмоқда.

Агар шахс карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида санитария ва эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузса, унга нисбатан 30 суткагача бўлган муддатда тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилиши мумкин.  

“Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари томонидан таъминланади”, дейилади хабарда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 50 нафарга етди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат карантин

Баҳолаганлар

95

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг