...
МЕНЮ
ONLINE TV

12 йиллик танаффусдан сўнг каратэ федерациясига қайтган президент 24 соат ишлашга ваъда берди


14:53, 16.05.2018 Жамият
 5 670

Республикада хизмат кўрсатган спорт устози Нурхон Зиятович Нафасов Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси президенти этиб сайланди.

Бугун, 16 май куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг навбатдан ташқари сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, каратэ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийлари, федерациянинг вилоят бўлимлари раҳбарлари, таниқли спортчи ва мураббийлар иштирок этишди.
 
Тан олиш лозим, спортнинг ушбу тури сўнгги йилларга келиб Ўзбекистонда ўз мавқеини йўқотиб қўйди. Бу нафақат каратэнинг оммавийлашувида, балки халқаро майдонда қайд этилаётган натижаларда ҳам ўз аксини топди. МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов бу хақда куюниб гапирди.
 
“Каратэ бундан қандайдир 10-15 йил олдин ҳам Республикамизда оммавийлик масаласида футболдан кейин иккинчи ўринда турарди. Юртимизда ўн минглаб ёшлар спортнинг ушбу жанговор тури билан мунтазам шуғулланиб келишарди. Спортчиларимиз қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинлари каби нуфузли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишган ўша даврда.
 
Аммо сўнгги йилларга келиб, афсуски каратэ спорт тури сифатида ўз нуфузи ва мавқеини анчагина йўқотиб қўйди. Бунинг натижасида оммавийлик ҳам кескин камайди. Бир сўз билан айтганда спортнинг яккакураш турлари орасида каратэ соғлом рақобатга дош бера олмади. Шундай экан, Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг фаолияти бугунги кунда ҳеч кимни қониқтирмайди. Ваҳоланки, каратэ Токио 2020 ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилди. Биз қисқа вақт давомида иш тизимини бутунлай қайтадан кўриб чиқиш лозим” деди Жасур Матчанов.
 
Шундан сўнг, Конференцияда федерация президенти лавозимига 1996-2006 йиллар мобайнида федерацияни муваффақиятли бошқариб, қатор ютуқларга эришган мутахассис, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, қора белбоғ 6-ДАН соҳиби Нурхон Зиятович Нафасов номзоди илгари сурилди. Конференция иштирокчилари ушбу номзодни бир овоздан қўллаб-қувватлашди ва Нурхон Нафасов 12 йиллик танаффусдан сўнг яна Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси президенти этиб сайланди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитасининг Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Федерациянинг янги раҳбари Нурхон Нафасов сўзга чиқиб, шундай деди:
 
“Аввало менга билдирилган ишонч учун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига чексиз миннатдорчилик изҳор этаман. Зиммамга нечоғлик масъулиятли вазифа юкланаётганлигини жуда яхши ҳис қилиб турибман. Аммо ишончим комилки, биргаликда биз ўз олдимизга қўйилган барча мақсадимизга етиша оламиз. Асосий мақсад каратэнинг оммавийлигини ошириш, иқтидорли спортчилар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш ва шу орқали халқаро майдондаги натижаларни яхшилашдан иборат. 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари дастуридан тарихда биринчи марта каратэ спорт тури ҳам ўрин олган. Шубҳасиз, бу спортнинг ушбу тури учун тарихий воқеа ҳисобланади ва ишонаманки кунчиқар юртда ўзбек каратэчилари, ўзимизнинг қоракўзлар ҳам Олимп шоҳсупасига кўтарилишади.
 
Бунинг учун эса тайёргарликни бугундан бошлаш лозим. Яқин 2 йил ичида керак бўлса кунига 24 соатдан меҳнат қилишимиз, ягона мақсад йўлида бирлашишимиз, Ўзбекистонда спортнинг яккакураш турлари орасида каратэнинг нуфузини оширишга интилишимиз керак. Юқорида санаб ўтилган мақсадларга эришиш йўлида мен барчани эшитишга, фикр алмашишга тайёрман”.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Нурхон Зиятович Нафасов каратэ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар