Нега пойтахтда “маска”лилар тунги рейдга чиқмоқда? Ғиёсов ҳолат бўйича изоҳ берди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Шу кунларда пойтахт Тошкент кўчаларида қора ниқобдаги бир гуруҳ аскар қуролланган шахслар ва йўл-патруль хизмати ходимлари йўлнинг асосий қатнов қисмини тўсиб қўйган ҳолда машиналарни тўхтатиб, автомобиллар салони ва ҳайдовчиларни тинтув қилаётгани фуқаролар эътиборига тушган. Бундай воқеалар асосан эски Ўзбекистонда фавқулодда ҳолат эълон қилинганда ёки давлат тадбирлари олдидан рўй берар эди. Мазкур ҳолат бўйича QALAMPIR.UZ Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов билан боғланди. Унинг айтишича, бу каби ишлар махсус дастур доирасида амалга оширилмоқда.

“Бизда “Хавфсиз ҳудуд” номли дастур бор. Мазкур дастур Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси томонидан ўтказилмоқда. Сиз юқорида санаган ҳолатлар айнан мана шу дастур доирасида амалга оширилган”, дейди Ғиёсов.

Бу каби профилактик дастурларнинг ўтказилиши ўз йўлига. Аммо, ЙПХ ходимлари билан бир қаторда қора “маска”ли ва қуролланган ҳарбийларнинг ҳам йўл юзида туриши бироз ғалати эмасми? Ушбу қуролланган шахслар ҳайдовчиларни ва унинг машинасини текшириши эса фуқароларда табиийки хавотир уйғотади. Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг 29 сентябрь куни Ўзбекистон Президентлигига номзод ва амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашув давомида тадбиркорлар ундан “маска-шоу”лар қайтарилмаслигини кафолатлаб беришини сўрашганини маълум қилганди. Шундай экан, нима учун Тошкент кўчаларида ҳамон қора “маска”ли ҳарбийлар ўз фаолиятини эркин олиб бормоқда ва профилактик дастурларда фуқароларни текширмоқда? QALAMPIR.UZ Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовга мазкур савол билан юзланганда, унинг жавоби қуйидагича бўлди:

— Қандай “маска-шоу”?! Президент нима ҳақида гапирган-у, сиз нима ҳақида савол беряпсиз! “Хавфсиз ҳудуд” номли дастур бор ва мазкур дастур доирасида кечки пайт профилактик тадбирлар ўтказилади. Бу вазиятдан келиб чиққан ҳолда… Баъзида профилактика ходимларига бўйсунмайдиган фуқаролар бор ёки ичган ҳолатда кўчада юрган шахслар ёки жиноятчилар бор. Агар ҳозир Тошкент шаҳар ИИБ матбуот хизмати билан боғлансангиз, ушбу тадбир давомида аниқланган ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ аниқ статистикани тақдим қилади.

Ғиёсов сўзини якунларкан, биз айтаётган “маска-шоу” умуман бошқа нарсалигини, “Хавфсиз ҳудуд” дастуридаги ниқобли ҳарбийларнинг иш фаолияти шундай эканлигини таъкидлади.

Ғиёсов билан суҳбатни якунлагач, Тошкент шаҳар ИИБ Ахборот хизмати бошлиғи Нилуфар Исахонова билан боғландик ва ундан мазкур профилактик тадбирлар давомида аниқланган ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ статистикани сўрадик.

Исахонованинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, мазкур профилактик тадбир давомида Тошкент шаҳрида октябрь ойининг ўзида Йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналиши бўйича жами 71 543 та қўпол қоидабузарликлар аниқланган. Шундан, маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш бўйича 4 392 та, светофорнинг тақиқловчи чироғига риоя қилмаслик ҳолати 11 396 та, тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқариш ҳолатлари 17 704 та, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик ҳолати 1 295 та, транспорт воситасига овоз сўндирувчи (глушитель), мигалка, сирена ўрнатилган ҳолатлар 426 тани ташкил этган. Шунингдек, мазкур тадбир давомида 3 501 та ўткир тиғли жисмлар, 396 та ҳолатда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар, 8 та ҳолатда ҳужжатларни қалбакилаштириш анқиланган. Бундан ташқари, 64 нафар қидирувдаги шахслар ҳам айнан мазкур профилактик дастурлар доирасида қўлга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1405

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг