Дабдабали тўй қилаётганларнинг асосий қисми порахўр амалдорлар
Жамият
−
10 Октябрь 2019
12023Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Қарор билан Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова дабдабали тўй қилаётганларнинг даромадлари юзасидан текширув ўтказиш кераклигини талаб қилмоқда. Бу ҳақда у кеча, 9 октябрь куни эфирга узатилган “Муносабат” кўрсатувида гапирган.
“Фуқаро тўй қилаётган ресторанга боради ва шартнома тузади. Шартномада тўйда қатнашувчилар, тўйда хизмат қиладиган санъаткорлар сони кўрсатилади ва буларнинг ҳаммаси лицензияга эга бўлиши керак. Бундан четга чиқиладиган бўлса, солиқ инспекцияси жазолаш, жаримага тортиш турини ишлаб чиқишяпти”.
Кўрсатув бошловчиси журналист Қуддус Аъзамнинг қайд этишича, ердан оёғи узилган тадбиркор, ҳар хил йўллар билан пул топган бойвачча маҳалла билан ҳисоблашмайди. Назарига ҳам илмайди.
Ворисованинг маълум қилишича, Халқ демократик партияси одамларнинг даромадларини ҳисоблашни олдиндан режалаштириб қўйган.
“Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурига киритаётган яна бир талаби шундан иборатки, мана шундай ҳисоблашмайдиган пулдорларимиз, пулни ўйнаб топадиган шахсларимиз даромадлари ҳақида декларация ҳам кўрсатишсин. Қайси пул эвазига шундай тўй қилишяпти? Қайси меҳнати эвазига топди экан? Декларация кўрсатилса, инсоннинг даромади ва харажати бир-бирига мос келиши керак. Агар унинг даромади ишлатган сарф-харажатидан кам бўлса, демак бу пул ўғринча пул. Мана шу нарсани ҳал қилишимиз керак”.
Масалага журналист Қуддус Аъзам қўшилиб, бунда хориж тажрибасини қўллаш ҳақида фикр билдиради:
“Нима чет элда даромади билан буромади тўғри келмаса, Месси бўладими, Роналду бўладими, дарров қамашга боради. Бу дабдаба қилаётганларнинг асосий қисми тадбиркор эмас. Асосий қисми ашаддий порахўрлар, амалдорлар, тўғрисини айтиш керак. Нимага солиқ инспекцияси бориб, “Хўп жаноб, 100 минг долларлик тўй қилибсиз, даромадингиз манбаини кўрсатинг”, демайди. Биз кичкина мақолача ёзсак, 3 000 сўм тўлаб кетинг, қўшимча даромад топибсиз дейди”.
“Солиқ органларида ҳозирги кунда ишлаб чиқилаётган проектга асосан, 2020 йилдан бошлаб биринчи ўринда давлат органлари ходимлари томонидан топган даромадлари тўғрисида декларация тақдим этишлари назарда тутиляпти. Бу Низом билан давлат солиқ хизмати органларига тўй эгалари томонидан қилинган харажатларни назорат қилиш вазифаси юклатилди. Яъни эртага тўй эгасининг тўйда қилган харажатлари ҳисоб-китоби солиқ органи томонидан олинади. Қайси маънода? Тўйга қанча санъаткорни таклиф этгани, машиналарга қанча харажат қилгани, стол учун ва бошқа харажатларни инобатга оламиз.
Харажати даромадидан ошиб кетдими, демак бу пуллар ноқонуний йўллар билан топилганини кўрсатади”, дейди Давлат солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи Шуҳрат Исмоилов.