...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Гуллар изтироби” – гул номи билан маънавиятни қонга белаётган тикан


22:05, 27.11.2018 Таҳлил
 19 739

Шу воқеалардан сўнг, сериал тўхтатилди. Афсуски, орадан кўп вақт ўтмай аввалгисининг ўрнини босувчи “Гуллар изтироби” сериали намойиш этила бошлади...

Автобусдаги икки аёлнинг суҳбати менга бемалол эшитилиб турарди. Дугоналар берилиб, “Zo`r” ТВ канали орқали намойиш этилаётган “Гуллар изтироби” сериалини муҳокама қиларди.
 
— Гулфем отасининг қабрини очтирди, ДНК текширувини ўтказди. Сир очилди. У жуда изтиробда. Бу ҳам етмагандек, Гулрунинг ҳомиласи тушиб қолди, энди уни Умар билан ораси бузиладиёв, — дейди (лабини тишлаб) тўладан келган аёл ёнидаги ҳамроҳига...
 
Томошбинлар орасида турк сериалларининг мухлислари талайгина. Кимдан сўраманг, бу сериалларнинг воқеаларини, қаҳрамонларининг исмини ёддан айтиб бера олади. Орамизда ҳатто севимли қаҳрамонларининг тақдири учун кўз ёш тўкадиганлари ҳам топилади. Тўғри, турк киноижодкорлари бу соҳада кўплаб муваффақиятларга эришган. Улар томонидан тақдим этилаётган кино ва сериаллар ичида тарихий, қадрият ва урф-одатларини намойиш этадиганлари ҳам бор. Улар таҳсинга лойиқ албатта. Лекин... Айни пайтда эфир юзини кўраётган “замонавий” турк сериалларининг халқимизга, минтелитетимизга қанчалик мос келади?! Ҳозир шу ҳақида сўз юритмоқчимиз.


 
Синглим “Zo`r” ТВ канали орқали намойиш этилаётган “Гуллар изтироби” сериалини доим томоша қилиб боради. Ёши ўн бешда. Ҳар гал мен унга: — Бу сериални кўриб нима қиласан, ундан кўра дарсингни қил, чет тилларини ўрган, — дейман. У бўлса, фақатгина шу сериал билан чекланишини такрорлаб чарчамайди. Мазкур сериал унинг ёшига тўғри келмаслигини харчанд тушунтирмай, фойдаси йўқ. Билганидан қолмайди. Бу ҳам етмагандек, мактабда дугоналари ўртасидаги асосий мавзу ҳам шу сериал  воқеалари бўларкан...
 
Эсингизда бўлса, бундан аввал “Zo`r TV” канали орқали “Севги изтироби” сериали намойиш этиларди. Сериалнинг ахлоқий жиҳатлари анчагина муҳокамаларга сабаб бўлган. Ҳатто, Ҳукумат даражасида муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида Вазирлар Маҳкамасида “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонининг ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Унда Бош вазир Абдулла Арипов хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган сериалларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратиш бўйича мутасаддиларга зарур кўрсатмалар бериб, “Севги изтиробини” қаттиқ танқид қилган эди.
 
Шу воқеалардан сўнг, сериал тўхтатилди. Афсуски, орадан кўп вақт ўтмай аввалгисининг ўрнини босувчи “Гуллар изтироби” сериали намойиш этила бошлади... 
 
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, “Севги изтироби”, “Гуллар изтироби” каби сериалларда илгари сурилган ғоялар Туркияда ҳам танқидларга сабаб бўлган. Бу сериаллар турк халқи маънавияти, урф-одатлари, маданияти ва тарбиясини ўзида акс эттирмайди. Аксинча, туркларнинг ўзи ҳам бундай сериалларга қаршилик кўрсатади. Улардаги аҳлоқий жиҳатлар, миллатнинг турмуш тарзига зид эканлиги айтилади. Шундай экан, нега энди биз ана шундай сифатсиз маҳсулатларни миллий телеканалларимизда намойиш этишимиз керак? Уларда ҳам яхши сериаллар бор-ку! Бундай сериалларни эфирга узатишга лойиқ деб билаётган маҳуррирлар ва телеканал раҳбариятининг оиласи, фарзандлари, қизлари борми?
 


Энди бир ўйлаб кўрайлик, бир уйда яшаб туриб, турмуш ўртоғининг опасини эри билан ишқ ўйинини ўйнаш, у билан “кўнгилхушлик” қилиш, бошқа инсондан ҳомиладор бўла туриб, эри билан яшаш, қизларнинг турмушга чиқмасдан номуссиз бўлиши, ўз жонига ва бошқалар жонига суиқасд қилиш, эски севгилисини тез унутиб янгисини топиш – бунинг нимаси “Гуллар изтироби”? Ўзимиз билиб-билмай, англаб-англамай, уларнинг ана шундай қарорларини қўллаб-қувватлаб, фиркларини маъқуллаяпмиз. Сериал шарқона ибо-ҳаё тушунчаларига мутлақо зид. Улардаги европача ҳаёт, кийиниш услуби ўзбекларга ёт. Ундаги воқеаларни кузатар экансиз, севги сингари улуғ туйғунинг нақадар ўткинчи, инсон ҳаёти шунчалик қадрсиз эканлигини англай борасиз. Биз шунга ўхшаш сериаллар билан халқимиз, ёшларимиз онгига нимани сингдиряпмиз? Парда ортидаги яширин мақсадлар кун келиб афсус-надоматларга сабаб бўлмайдими?
 
Муқаддас динимизда оилани бузиш энг катта гуноҳ саналади! Ҳар қандай сабаб бўлмасин, ҳиёнат ҳеч қачон оқланмаган.
 
Бу каби сериалларни оила даврасида кўриб бўлмайди. Эфир вақти эса оила аъзоларининг бир дастурхон олдида ўтирган вақтига тўғри келишига нима дейсиз? Телевизор қаршисизда биз билан ёнма-йн ўтирган фарзандларимиз бу сериалларни кўриб қандай тарбия олади...
 
Шу ўринда айтиш жоизки, ёшларнинг маънавият чегаралари бундай аҳлоқсизликларга бардош бера оладиган даражада эмас. Халқимиз жуда таъсирчанки, сериал воқеалларига шунчалик берилганидан, фарзандига сериал қаҳрамонларнинг исмини қўяди, уларга ўхшаб кийинади, ўшалардек яшашга интилади. Мисол учун: авваллари телеэкранларимизда Мексика ва Бразилиянинг “Эсмералда”, “Ёлғон асираси”, “Гвадалупе” каби сериаллари намойиш этиларди. Кейинчалик улар ўрнини ҳинд кино ижодкорларининг “Сенга ошиқман”, “Келин”, “Қалбим ўғриси” сериаллари эгаллади. Улардаги беҳаё лавҳалар томошабинларга анчайин жиддий таъсир этиб, фильм қаҳрамонларига тақлидлар урфга кирганини инкор этиб бўлмайди. Бунга ҳар биримиз гувоҳмиз. Энди ана шундай сериаллар ўрнини турк каналларида ҳам намойиш этишга нолойиқ деб топилган сериаллари эгаллади.
 
Халқимизда азалдан йигит-қизлар бир-бирига севаман деб дил изҳори қилмаган, қўл ушлашиб боғларда юрмаган, пана жойларда... буларнинг ҳаммасига ана шу сериалларнинг таъсири йўқ, деб ким айта олади? Бу енгил-елпи ҳаёт тарзи турмушимизга сингиб кетса, буни тўғрилаш учун йиллар, балки асрлар ҳам етмаслиги мумкин.
 
Ён қўшним яқинда фарзандли бўладиган. “Яхши” ният билан: — Қиз туғсам исмини Гулру қўяман, — дейди. Мана, сизга сериалнинг таъсири. Келажакда у қандай инсон бўлиб улғаяди. — Нега мени исмимнини бундай қўйгансиз, — деса, аҳлоқсиз бир қизнинг тақдирини сўзлаб берасизми? Ёки қизингизнинг ҳам шу қиздан ибрат олишини хоҳлайсизми?
 
Биз мафкуравий зарбанинг оғриғини чеккан халқмиз. 70 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган совет тузуми сабаб  тилимиздан айрилдик. Қанчадан-қанча тарихий бойликларимизни бой бердик. Ота-боболаримиз номини унутдик, диндан узоқ, диёнатдан йироқ бўлдик. Ҳаром-ҳалолни ажратолмадик. Энг ёмони ўзлигимизни бой бердик. Бугун дунёнинг ҳар тарафидан оммавий маданият ниқоби остида клипу кинолари, сериаллар орқали кириб келаётган ғоялар халқимизни эндигина қўлга киритиб, болаларига сингдираётган миллий мафкурасига болта урмайдими? Келажакка соя солмайдими? “Гуллар изтироби” гул номи билан ҳаётимизга тикан ташламаса бўлгани.
Зарнигор Абдумаликова

Теглар:Севги изтироби сериал Гуллар изтироби 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!