Самарқандда ўқитувчининг калтаклаб ўлдирилиши тафсилоти очиқланди
Жамият
−
28 Ноябрь 2019
10921Аввалроқ, Самарқандда мактаб ўқитувчиси калтакланиши оқибатида шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти мазкур воқеа тафсилотларини маълум қилди.
Жорий йил 20 ноябрь куни тахминан соат 02:00 ларда 28 ёшли фуқаро Иззатулло ўзининг 30 ёшли таниши Мақсуд билан биргаликда Самарқанд шаҳар Буюк ипак йўли кўчасида жойлашган автобус бекати олдидан ўтиб кетаётган Асал исмли аёлга гап отишган. Бу вақтда Асалнинг ёнида бўлган 2 нафар эркак танишлари ушбу ҳолатга аралашиб, улардан бири Иззатуллонинг юзига бир маротаба урган. Асал эса ёрдамга танишларини чақирган.
Асалнинг чақирувига биноан жами 6 нафар шахс келган. Уларнинг ичида 2 нафари аёл бўлган. Шундан сўнг, улар бир гуруҳ бўлишиб, шу куни соат 03:40 ларда Самарқанд шаҳар Беруний кўчаси 82-уй олдида Иззатуллонинг шериги Мақсудни сўкиб ҳақоратлаб, танасини турли жойларига қўл-оёқлари билан уриб-дўппослаб тан жароҳатлари етказишган.
Шундан сўнг, 3 нафар аёл ва 3 нафар эркак қўл-оёқлари билан Иззатуллонинг бош қисми ва танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба уриб дўппослаб, оғир тан жароҳати етказишган.
Кўрилган тезкор чора тадбирлар натижасида Иззатуллога нисбатан жиноятни содир этган шахслардан 3 нафари ички ишлар ходимлари томонидан ушланган.
Тез тиббий ёрдам шифохонасининг бирламчи маълумотномасига кўра, Иззатуллога “бош мия суякларини оғир синиши” ташхиси қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 20 ноябрь куни Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Иззатулло кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган ва шу куни унинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган ҳамда жиноят иши ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” бандига қайта малакаланган.
Дастлабки тергов жараёнида 3 нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди ва 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан айб эълон қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва қолган 6 нафар гумон қилинувчиларга нисбатан тегишли эҳтиёт чораларини қўллаш масаласи кўрилмоқда.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Аниқланишича марҳум Иззатулло М. 2016 йил 6 июнъ куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаб, 2016 йил 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳридаги 42-сонли умумтаълим мактабига рус тили фанидан ўқитувчи бўлиб ишга кириб, 2017 йил 25 сентябръ куни ишдан бўшаган ва Россияга ишлаш учун кетиб, 2018 йил август ойида қайтиб келган.
2018 йил 3 сентябрь куни яна шу мактабга ўқитувчи лавозимига ишга қабул қилинган, ҳамда ўқувчиларга рус тилида тарих фанидан дарс бериб келган. Жорий йилнинг 17 октябрь кунидан буён ишдан бўшашлиги ҳақида мактаб директорини оғзаки огоҳлантирган ва мактабга ишга бормай, шу вақт мобайнида Самарқанд шаҳри Мирзо Улуғбек ва Шохрух кўчалари кесишувчи чорраҳасида сомса сотиш билан шуғулланган.
LiveБарчаси