Ҳукуматдан эркинлик сўраётган “Озодлик” қачонгача унинг кўзига чўп суқади?
Таҳлил 16 Май 20:58 8702
image

Барчага маълумки, “Озодлик” радиоси омма ўртасида турли хил шов-шувли хабарларни ўзи билганича (ақли етганича) таҳрир қилиб тарқатиши билан дунёга машҳур. Олдинроқ ҳам бу нашрнинг эшитган ҳар қандай хабарини ўзи истаганидек ёритиши ҳақида асосли далиллар билан маълум қилган эдик.

 

Бу билан биз икки уч ой аввал ҳамманинг эътиборини қаратишни бошлагандик. Аммо, бу галгиси ҳаммасидан ошиб тушди...

Ижтимоий тармоқларда ўзини бутун дунё бўйлаб “сўз эркинлиги”нинг тимсоли сифатида “намойиш этиш”ни ҳуш кўрадиган “Озодлик” нашри мухбирлари турли хил алдов йўлларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистондаги давлат ташкилотларидан маълумотлар олишга урингани исботланган аудиоёзувлар тарқалди.

Унга кўра, “Озодлик” радиосининг ўзбек хизматида ишлайдиган бир қатор ходимлари Ўзбекистондаги турли ташкилотларга телефон қилиб, ўзларини Давлат хавфсизлик хизмати ходими сифатида таништирган ҳолда, йўқ муаммоларни ҳам бор қилиб кўрсатиш учун журналистика этикасига умуман тўғри келмайдиган йўллардан фойдаланишган.

Бундан ташқари, турли провокацион саволлар билан давлат ходимларини калака қилишга урингани журналист номи учун ҳам, “сўз эркинлиги” жарчилари учун ҳам шармандали ҳолатдир.

Бу каби қўнғироқларни ёзиб олган ҳолда уларни ўзларига мослаб, ҳатто, умуман ўзгартирган кўринишда радиода эълон қилиш аслида қонунчиликка умуман тўғри келмайди. 

Олдинлари ҳам нашр Ўзбекистон ҳақида турли хил бўҳтонларни тарқатиб халқ орасида давлат ташкилотларига нисбатан норозилик кайфиятини юзага келтириш бўйича бир қанча уринишларни амалга ошириб келган.

Халқ ўртасида эса, бу каби провокацион хабарларга тушуниб-тушунмасдан ёндашувлар кузатилиб туради. Қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур деганларидек, “Озодлик”нинг бу каби ташвиқотлари ҳам куни келиб одамларда давлатга нисбатан ишончсизлик кайфияти уйғонмаслигига ким кафолат беради?

Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугунги кунда Ўзбекистонда барча ОАВга сўз эркинлиги яратиб берилган. Бундан ташқари бир қатор халқаро нашрларнинг Ўзбекистон ҳудудида тақиқдан олингани алоҳида мавзу.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, “Озодлик”нинг сувни лойқалатишга уриниши – чўпчаклари  ўз қарашига эга, фуқаролик позицияси мустаҳкам бўлган кишиларга таъсир кўрсата олмайди. Негаки, оқаётган кенг дарёдаги сувни биргина чўп ифлосантиришга қодир эмас. Шундай экан "Озодлик" ҳам халқаро нормалар, ахборот олиш ва уни тарқатиш, бир сўз билан айтганда, журналистика этикаларига тўла риоя қилган ҳолда ишлаши керак.

Умар Мурод
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 206
Рейтинг: 3.0
Теглар