Жиззахда икки ўсмир ҳайдовчини ўлдириб, Spark'ни ёқиб юборди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 4 июль куни Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидан оқиб ўтувчи Пр-8 каналидан Тошкент шаҳрининг Миробод туманида яшовчи фуқаронинг жасади топилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 1986 йилда туғилган фуқаро 3 июль куни Spark машинасида Самарқанд томонга йўлга чиқиб, манзилига етиб бормаган. 

Фуқаронинг жасади Мирзачўл туманидаги Пр-8 каналининг “Тошкент” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтувчидан қисмидан топилган.

Эркакнинг ўлимига сабаб бўлганлар жиноят изини йўқотиш мақсадида Мирзачўл, Дўстлик ва Арнасой туманларини кечиб, Фориш тумани Эгизбулоқ қишлоғига келган. Бу ердан Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудига ўтиб, бу ерда унга тегишли бўлган Spark русумли автомобилни ёқиб юборишган. Марҳумга тегишли машина 4 июль куни соат 22:00 ларда тўлиқ ёнган ҳолда топилган.

Тезкор қидирув ишлари давомида ушбу жиноятни Пахтакор тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи 2004 йилда туғилган ва Арнасой тумани Чўлқувар маҳалласида яшовчи 2005 йилда туғилган Шароф Рашидов туманидаги касб-ҳунар мактаби ўқувчилари содир этгани аниқланган. Гумонланувчилардан эркаклар бош ва оёқ кийимлари, марҳумга тегишли универсал пичоқ ҳужжатлаштириб олинган. 

Суриштирув давомида Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги автомобилларни ювиш шохобчасида ишлаган икки йигит уйига кетиш мақсадида Тошкент–Жиззах йўналишида қатнайдиган таксилар бекатига келгани аниқланган. Улар бу ерда Spark машинаси ҳайдовчисига Жиззах шаҳрига олиб бориб қўйиши эвазига 200 минг сўм беришга келишишади.

Сирдарё вилоятида машина тўхтаган вақтида йигитлардан бири ҳайдовчини бўғган, шериги эса марҳумни ушлаб турган. Ҳайдовчи вафот этгандан сўнг, уни орқа ўриндиққа ётқизиб, Spark’ни Мирзачўл туманига олиб боришган ва жасадни каналга ташлаб юборишган.

Сўнг гумонланувчилар Фориш туманида машинани ёқиб юбориб, давлат рақами белгиларини кўмиб ташлашган.

Қайд этилишича, мазкур қотиллик юзасидан прокуратура томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан иш қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1163

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг