ЖЧ-22 саралаш. Португалия сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетди, Франция кутилмаганда дуранг ўйнади

Спорт 1247
image

Кеча, 1 сентябрь куни ЖЧ-2022 саралаши доирасида бир қанча учрашувлар бўлиб ўтди. Уларда бир қанча сенсацион натижалар қайд этилди.

Нидерландия меҳмонда Норвегия билан 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Скандинавияликларнинг голига Эрлинг Холанд муаллифлик қилган бўлса, Нидерландиянинг ягона голи Деви Классен номига ёзилди.

Ўз уйида Ирландияни қабул қилган Португалия сўнгги дақиқаларга қадар ҳисобда ортда бора туриб, Роналдунинг қисқа фурсатда киритган дубли эвазига ғалабани илиб кетди. Ўйин португалларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Амалдаги жаҳон чемпиони – Франция Парижда Босния термасини қабул қилди ва кутилмаганда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Голларга французлар таркибида Антуан Гризманн муаллифлик қилган бўлса, боснияликларнинг голи Эдин Жеко номига ёзилди.

Шунингдек, Россия терма жамоаси “Лужники”да амалдаги ЖЧ вице-чемпионлари – Хорватияни қабул қилиб, 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Шу тариқа, “H” гуруҳи пешқадамлари орадаги фарқни қисқартира олмади. Улар айни дамда 7 очкодан тўплаган ҳолда гуруҳ пешқадами бўлиб турибди.

Евро-2020 қаҳрамонлари – Дания терма жамоаси Шотландияга қарши баҳс олиб борди ва унда 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, гуруҳдаги пешқадамлигини янада мустаҳкамлаб олди. Айни дамда улар гуруҳдаги энг яқин таъқибчисидан 5 очкога илгарилаб кетган.

Маълумот ўрнида, бугун ЖЧ-2022 саралаши доирасида Испания, Бельгия, Англия ва Германия каби терма жамоалар ўз ўйинини ўтказади. Ўйинлар Тошкент вақти билан 23:45 да старт олади.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 29
Рейтинг: 3
t
×