ЖЧ-2022. Франция Киевда очко йўқотди, Нидерландияда йирик ғалаба ва бошқа натижалар

Спорт 2430
image

Европа қитъасида 2022 йилги жаҳон чемпионатига саралаш доирасида гуруҳ босқичининг 5-тур баҳслари бошланди.

“A” гуруҳи

“A” гуруҳи доирасида бу тур битта учрашув бўлиб ўтди. Унда Ирландия ўз майдонида Озарбайжонни қабул қилиб, 87-дақиқада мағлубиятдан қутулиб қолди. Ўтган турда Португалияга сўнгги дақиқаларда имкониятни бой берган ирландлар бу сафар Шейн Даффининг супер голи эвазига ўйинни 1:1 ҳисобида якунлаб, 1 очкони қўлга киритди.

“D” гуруҳи

Турнинг энг кутилмаган натижаларидан бири Украинанинг Киев шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Франция Украина меҳмони бўлди. Учрашув 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди ва французлар кетма-кет иккинчи учрашувда ҳам очко йўқотди. Ўйиндаги голларга украинлар сафида Николай Шапаренко ва французлар сафида Антони Марсьяль муаллифлик қилди. Шу тариқа, очколари сонини 9 тага етказиб олган Франция гуруҳда пешқадамликни сақлаб турибди.

Ўтган турда Украинадан очко олган Қозоғистон эса бу тур меҳмонда Финляндияга 1:0 ҳисобида имкониятни бой берди. Ўйин тақдирини ҳал қилган голга Йоель Похянпало муаллифлик қилди. Финляндияликлар бу орқали очколари сонини 5 тага етказиб олган ҳолда гуруҳда Франциядан кейинги 2-ўринга кўтарилиб олди.

“F” гуруҳи

Бу гуруҳда ҳам 5-тур доирасида 2 та учрашув бўлиб ўтди. Гуруҳ пешқадами Дания Фарер ороллари меҳмони бўлди ва Йонас Винднинг ягона голи эвазига 3 очкони қўлга киритди. Шу тариқа, очколари сонини 15 тага етказиб олган Дания гуруҳда 1-ўринни муддатидан аввал ҳал қилди.

Хайфа шаҳридаги “Сами Оффер” стадионида голларга бой ўтган ўйинда эса Исроил терма жамоаси Австрияни 5:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Учрашувда Исроил ҳужумчиси Эран Захави 2 та гол ва 2 та ассист қайд этиб, ўйин қаҳрамонига айланди. Бу орқали улар очколари сонини 10 тага етказиб олган ҳолда гуруҳда 2-ўринга кўтирилиб олди.

“G” гуруҳи

Нидерландия терма жамоаси ўз уйида Черногорияни қабул қилди ва кутилганидек ғалабани қўлга киритди. Депайнинг дубли ҳамда Вейналдум ва Гакпонинг голлари эвазига 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган голландлар очколари сонини 10 тага етказиб олган ҳолда гуруҳда Туркиядан кейинги 2-ўринга кўтарилиб олди. Туркларда айни дамда 11 очко мавжуд.

Бу турда саралаш гуруҳ босқичининг ҳақиқий қаҳрамони бўлган Туркия терма жамоаси Гибралтар меҳмони бўлди ва кутилганидек йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Чалҳаноғлу ва Дарвишоғлунинг голлари туркларга навбатдаги 3 очкони келтирди. Бу орқали улар Норвегия, Нидерландия каби кучли терма жамоалар жой олган гуруҳда пешқадамга айланиб олди.

Шунингдек, Норвегия ҳам Латвия терма жамоаси устидан 2:0 ҳисобида зафар қучиб, навбатдаги 3 очкони қўлга киритди. Холанд ва Эльюнуссининг голлари норвегияликларга ғалаба келтирди. Айни дамда улар гуруҳда Нидерландия билан тенг очко тўплаган ҳолда 3-ўринни эгаллаб турибди.

“H” гуруҳи

Россия терма жамоаси Валерий Карпин бошқарувидаги илк ғалабасини Кипрга қарши ўйинда қўлга киритди. Ерохин ва Жемалетдиновнинг голлари русларга ғалаба келтирди ва бу орқали улар 10 очко билан “H” гуруҳи пешқадамига айланди.

Бу турда Хорватия терма жамоаси Словакия меҳмони бўлди ва Марцело Брозовичнинг ягона голи эвазига қимматли 3 очкони қўлга киритди. Айни дамда улар гуруҳда Россия билан бир хил 10 очко тўплаган ҳолда, тўплар нисбатига кўра 2-ўринни эгаллаб турибди.

Маълумот ўрнида, бугун Германия, Испания, Англия, Италия ва Бельгия каби терма жамоалар ҳам 5-тур доирасида ўз учрашувларини ўтказади.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 39
Рейтинг: 3.2
t
×