Жаноб Мирзаев: “Менга “ҳурматли” деб мурожаат қилманглар”

Жамият

image
0:00
0:00
download

Бугун, 22 ноябрь куни Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Зойир Мирзаев раислигида видеоселектор тарзида илк “ҳокимлик соати” ўтказилди. Унда вилоятнинг 22 та туман-шаҳарлари сектор раҳбарлари, вилоятдаги барча бошқарма ва ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, вилоят фаоллари иштирок этди.

Йиғилиш аввалида вилоят раҳбари Зойир Мирзаев бошқарув сиёсатида белгилаб олинган энг устувор вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Ҳоким фуқаролар билан қабулни кўчма тартибда олиб боришини маълум қилди. Унда ҳамма сектор раҳбарлари қатнашади. Янги тартибга кўра, соат 14:00 да бўладиган қабулга соат 8:00 да ўша мурожаатчининг сектор раҳбари, тегишли ташкилот мутасаддиси уйига бориб, масаласини жойида ўрганиб чиқади.

“Қандай тоифадаги раҳбар бўлишидан қатъий назар, билиб олсин, фаолиятимизнинг асосий мезони “Инсон қадри учун” тамойили асосида бўлади. Буни керак бўлса, столнинг устига ёзиб қўйинг. Яна шуни ҳам ёзиб қўйингларки, ишимизда “майда-чуйда масаланинг ўзи йўқ”, деган ҳоким Мирзаев.

Вилоятнинг янги раҳбари ҳафтада бир марта, душанба куни бажарилган ишлар таҳлили, муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилишини таъкидлаган.

Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатларини қабул қиладиган Telegram-бот ташкил этилиши айтилган. Ҳоким керак бўлса, мурожаатчи фуқаро билан телефонда ўзи гаплашишини қўшимча қилган.

Зойир Мирзаев давлат тилига эътибор қаратишини урғулаб, шундай деган:

“Ҳокимиятдан ҳар бир чиқаётган қоғоз ҳокимиятнинг юзи. Давлат тили бўйича ҳокимият ҳужжатларини хато ёзадиган ходим ҳокимиятда ишлаши мумкин эмас”.

У ошкоралик, шаффофлик кўпчиликка ёқмаслигини, лекин ҳар қандай негативга сектор раҳбари муносабат бериши шартлигини қайд этган. Бундан ташқари, ижтимоий тармоққа киришни билмайдиган раҳбарларни ўрганишга чақирган.

“Олдиндан келишиб олайлик, менга "ҳурматли" дея мурожаат қилманглар”, деган жаноб Зойир Мирзаев йиғилишда.

Шунингдек, у ҳокимларни қилинаётган ишларни кўрсатиш учун пресс-тур ташкил қилишга ва камчиликларни ҳам очиқлашга чақирган.

“Вилоятимиз туман-шаҳарларидаги таҳририятларни қўллаб-қувватлашга тайёрман. Газеталар бизга керак. Ҳудудий таҳририятлардаги журналистлар тажрибасини қадрланглар, қўллаб-қувватланглар. Бу бўйича мутасаддилардан аниқ таклифлар кутамиз”, деган Мирзаев.

Йиғилишда дарахтларни экиш ҳаракатига ҳам тўхталиб ўтилган. Ҳоким кўчатлар ўтқазилаётганини, аммо асосийси уларнинг кўкариши эканини айтган.

Йиғилиш якунида вилоят ҳокими сектор раҳбарлари ва вилоят мутасаддиларига бир қанча топшириқлар бериб, селекторни якунлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1334

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг