Депутат Ортиқхўжаев ҳақида достон ёзиш мумкинлигини айтди (видео)

Жамият

Бугун, 13 январь куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтгани, унда Жаҳонгир Ортиқхўжаев номзоди Тошкент шаҳар ҳокимлигига тасдиқлангани ҳақида хабар берган эдик. 

Сессияда номзод масаласи депутатлар томонидан ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилинди, сўнг йиғилишда ҳар бир партиядан бир нафар вакил ўз партияси номидан чиқиб якуний фикрларини билдирди. Шунда вакиллардан бири “Адолат” социал-демократик партиясининг Тошкент шаҳар кенгаши депутати Ортиқхўжаев билан биргаликда узоқ вақтдан бери ишлаётгани ва у ҳақида достонлар айтиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

“Бу кишининг фазилатлари жуда ҳам кўп. Мен бир нарсага амин бўлдимки, агарда Тошкент аҳолисининг бирортасида мусибат бўлса, у ўзининг шахсий мусибати деб ҳисоблайди. Бу одамни муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович тавсия қилганларидан жуда ҳам хурсандмиз. 

Бу одам ҳақида жуда ҳам кўп гапириш мумкин. Достонлар қилиб ёзишим мумкин. Менга жуда ҳам кўп чет эллардан одамлар келяпти. Ҳаммаси ҳайрон. Олдинлари келганида булар йўқ эди. Буни ҳаммасини, эртакни ҳаётга тадбиқ этиб бераётган муҳтарам Шавкат Миромоновичга раҳмат. Шаҳарга йўлни очиқ қилиб берган Жаҳонгир акамизга катта раҳмат. Мен ўйлайманки, дунёнинг манаман деган 50 та мегаполисларига кирамиз. Бунинг учун муҳтарам Президентимизнинг, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ижросини таъминлашга ваъда берамиз”, дейди Тошкент шаҳар кенгаши депутати Таспўлат Матибаев. 

Шунингдек, депутат Тошкент шаҳар ҳокимининг ёнида елкама-елка бўлишини, топириқларини бажаришга депутатлар номидан ҳаммани чақириб қолишини айтди. Депутатнинг айтишича, ҳоким ёшларни, халқни юртни севишга тарбиялаётган улуғ инсонлардан биридир. 

“Елкама-елка бўлиб, Жаҳонгир акадек улуғ одам билан бирга ишлаш ҳаммамизга бахт. Бу одам элни, юртни, ёшларни, баркамол авлодни, элим деб юртим деб севишга тарбиялаётган улуғ инсонлардан биридир. 

Жаҳонгир Обидович, биз сизни ёнингизда елкама-елка туриб ишлашга ваъда берамиз. Ҳар бир топшириқларингизни бажаришга, депутатлик корпуси билан қўллаб-қувватлашга шахсан ўзим номимдан, оилам номидан, “Адолат” партияси номидан ҳаммангизни чақириб қоламиз. Биргаликда ёндашишга, қўллаб-қувватлашга, Президентимизнинг ҳар бир топшириғини бажаришга ваъда берамиз”, дейди “Адолат” партияси вакили партия номидан чиқиб сўзлаган нутқида.   


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Адолат СДП вакили

Баҳолаганлар

111

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг