Жээнбеков яна мурожаат йўллади. У ҳорғин ва галстуксиз кўриниш берди

Олам

Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков бугун, 14 октябрь куни Қирғизистон халқига Бош вазир лавозимига тайинлашни қонунийлаштириш тўғрисида мурожаат қилди. Унда Жээнбековни ҳорғин, толиққан ва галстуксиз кўриш мумкин. 

"Биз кеча Жўқорғу Кенешнинг янги спикерини сайладик. Энди парламент тўлиқ ишлай олади. 

Парламентга Садир Жапаровни Бош вазир лавозимига тасдиқлаш масаласини барча қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда кўриб чиқишни таклиф қилдим. 

Жўқорғу Кенешнинг қарорлари қонун нормаларига зид равишда қабул қилинганлиги сабабли парламентга қайтарилди. 

Мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва янги Бош вазирни бошқа давлатлар томонидан тан олиниши учун барча қарорлар қонуний бўлиши ва Бош вазир номзоди қатъий қонунчиликда тасдиқланиши муҳимдир. Умид қиламанки, парламент Бош вазир атрофидаги бу жараёнга чек қўяди”, дейди Президент.

Давлат раҳбари ўз мурожаатида қиш яқинлигини эслатаркан, коронавирус пандемияси ҳали ҳам фуқаролар соғлиғига таҳдид солаётганини айтади. 

“Болалар мактабга боришлари ва тинчликда ўқишлари керак. Бизнес ҳам тинчликни яхши кўради. Бунинг учун барча шароитларни яратишимиз керак”, дейди Жээнбеков. 

Давлат раҳбари томонларни сиёсийлашувдан амалий ҳаракатга ўтишга чақирди. 

“Қирғизистон ҳуқуқий давлат. Муаммолар босим остида эмас, балки фақат қонун доирасида ҳал қилиниши керак. 

Барчангизни қонунга бўйсунишга чақираман. Биз доноликни намоён этамиз ва барча қийинчиликларни енгиб ўтамиз, Қирғизистон халқининг бирлигини сақлаймиз”, дейди Президент. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Кейинроқ парламентга Канат Исаев спикер этиб сайланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.

Жээнбеков вазиятни изга солиш учун 9 октябрь куни Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кейинроқ бу режим яна узайтирилди. Ҳарбийларнинг Бишкекка кириши натижасида намойишлар ва талончиликлар тўхтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Сооронбай Жээнбеков Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

269

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг