Зеленский биринчи даражали ҳарбий-сиёсий вазифани айтди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский украиналикларни душманни урушдан чарчатиши учун ҳамма нарса қилишга чақирди. Бу ҳақда Президент украиналикларга мурожаатида айтиб ўтди.

“Қуролли кучларимизга, разведка, махсус хизматларимизга босқинчилар армиясини заифлаштиришда ёрдам бераётган барча украиналикларга раҳмат айтмоқчиман. Бу Украинанинг муҳим устунлиги ва келажакдаги ғалабамизнинг асосий сабаби – ҳимоячиларимизнинг кураши Украина халқининг сўзсиз қўллаб-қувватлашига асосланади. Бу халқ озодлик уруши, бу давлатимиз озодлиги ва мустақиллиги учун бутун Украина курашидир”, деган Зеленский.

У Украинани миллионлаб одамлар ҳимоя қилаётганини урғулаб, халқ ҳарбийларни керакли маълумотлар ва зарур буюмлар билан таъминлаб турганини айтган.

“Украинани у ёки бу тарзда миллионлар ҳимоя қиляпти. Фронтда жанг қилаётган, ўз шаҳар ва қишлоқлари учун курашаётган, шу жумладан, ишғол остидагилар, босқинчиларнинг техникасини тўхтатган, бизнинг разведка ва махсус хизматларимизни хабардор қилган ва хабардор қилаётган, ўз ҳудудида босқинчиларга қарши турган, Украина учун зарур бўлган материалларни таъминлайдиган ва кўнгилли бўлган, чет элда бизнинг манфаатларимиз учун курашаётган, ахборот урушида қатнашадиган барча давлат институтлари ва иқтисодиётимиз ишини таъминлайдиган миллионлаб одамлар”, деган Зеленский.

Президент ушбу халқ мудофааси тамалини сақлаб қолиш учун зарур чоралар кўрилаётганини қўшимча қилган.

“Дунёда Украинани қўллаб-қувватлаш камаймаслиги ва давлатимиз ғалаба сари интилиши учун у ёки бу тарзда давлатимизни ҳимоя қилганларнинг фаоллиги камаймаслиги керак. Ҳамма нарсани одатдагидек қилинг – Украина учун. Ва бундан ҳам кўпроқ, чунки Россия раҳбарияти украиналиклар, европаликлар ва бутун дунё бу урушдан чарчашини кутмоқда. Биз ўзимизни ва дўстларимиз ва шерикларимизни эмас, балки душманимизни чарчатиш учун ҳамма нарсани қилишимиз керак. Биз Украинадан босқинчиларни қувиб чиқаришимиз учун ҳар куни Россиянинг жанг қилиши қийинлашиб бориши керак – бу бизнинг биринчи рақамли ҳарбий-сиёсий вазифамиз”, деган Президент.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг