Юнусобод ҳокимининг собиқ ўринбосари 3,5 йилга қамалди

3-саҳифа

image

Агар ёдингизда бўлса, 2019 йил 23 окятябрда Юнусобод тумани ҳокимининг ўринбосари Э.З. пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар берган эдик. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан очиқ суд мажлисида кўрилган мазкур жиноят ишида судланувчи Э.З. судда айбига тўлиқ иқрор бўлган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди судьяси Аббосхон Шамаҳмудов маълум қилди. 

Ашёвий далил билан ушланган 

Судланувчи Э.З. 2019 йил 5 январдан 11 октябрга қадар Юнусобод туман ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган. Эгаллаб турган лавозимига кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонуний кўриб чиқиши лозим бўлса-да, мансаб ваколатидан фойдаланиб, тамагирлик йўли билан пора олиб, мулкий манфаат кўриш мақсадида фуқаро Р.М. ва унинг турмуш ўртоғи И.М.нинг Юнусобод туман ҳокимлигига ўзларига тегишли Юнусобод туманидаги уй манзилида ўзбошимчалик билан қурилган турар жой объектига нисбатан мулк ҳуқуқини бериш юзасидан 2018 йил 4 декабрда қилган ва муқаддам рад этилган мурожаатларини ўзининг раислигидаги комиссия таркибида ўрганади. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида хулоса ҳамда шу асосда эгалик ҳуқуқини белгилаш бўйича туман ҳокимининг қарорини чиқариб бериш эвазига Р.М.дан 5 000 АҚШ доллари миқдорида пора беришни талаб қилади. Бу тўғрисида 2019 йил 16 январда мулкка эгалик ҳуқуқини эътироф этиш натижалари бўйича далолатнома расмийлаштиради. Эвазига ундан талаб қилган 5 000 АҚШ долларини 2019 йил 11 октябрда Юнусобод туман ҳокимлигининг маъмурий биноси 1-қаватидаги хизмат хонасида тамагирлик йўли билан пора тариқасида олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

“Ҳозирда қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман”

— Туман ўринбосари сифатида хизмат вазифаларимга – тумандаги қурилишга оид архитектура ва шаҳарсозлик масалаларини мувофиқлаштириш, қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарини ишлаб чиқариш жараёнларини ривожлантириш, қурилиш ва инженерлик коммуникацияларини ривожлантиришни тартибга солиш, тумандаги қурилаётган объектларни ўз вақтида ва сифатли қурилишини назорат қилиш ҳамда туман ҳокими томонидан тасдиқланган лавозим йўриқномасида кўрсатилган бошқа вазифаларни бажариш кирган. Шунингдек, “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақидаги 2018 йил 21 июндаги Вазирлар Маҳкамасининг 461-сонли Қарори талабларидан тўлиқ хабарим бор. Ушбу Қарор талабларидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг комиссия аъзоларини тасдиқлаш ҳақида қарор чиқарилган. Унга кўра, туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, яъни ўзим комиссия раиси, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи А.Х. комиссия раиси ўринбосари, унинг аъзолари эса туман қурилиш бўлими бошлиғи А.М., туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи С.М., туман ДСИ ходими Д.П., туман ДСНМ бош шифокори Т.К., туман ИИБ ФМБ М ва ФРБ бошлиғи А.У., туман ЁХБ бошлиғи Ш.И.дан иборат бўлган. Уларнинг баъзилари ҳозирда алмашган бўлиши мумкин. Тошкент шаҳри, Учтепа туманида яшовчи И.М. Юнусобод тумани Гуллола кўчасидаги ўзбошимчалик билан қурилган иморатга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш юзасидан мурожаат қилган. 2019 йил сентябрнинг охирида ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш юзасидан келиб тушган мурожаатларни ўрганиш жараёнида унинг 2018 йил 4 декабрда ДХМ орқали берган аризаси ҳамда 2019 йил 16 январда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганиш натижалари бўйича тузилган далолатнома билан танишиб чиққанимда хабардор бўлганман. Далолатнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан танишиб чиққанимда, якуний хулосада мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини беришга ижобий (мумкин) хулоса қилинганини кўрганман. Бироқ, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг 2018 йил 21 декабрдаги хулосасида ер участкаси майдони ҳажми турлича ҳамда тушунарсиз ва рад этувчи хулоса берилгани сабабли, ушбу ҳолатларга аниқлик киритиш учун 2019 йил октябрда Юнусобод тумани Посира МФЙ раиси билан бирга жойига чиқиб ўрганишда, И.М.нинг турмуш ўртоғининг укаси, яъни қайнакаси билан суҳбатлашиб, жойни ўрганиб кетганмиз. Эртаси куни нотаниш бир йигит келиб ўзини И.М.нинг турмуш ўртоғи Р.М. деб таништирди. Турмуш ўртоғи И.М.нинг аризаси юзасидан суҳбатлашганимда, улар ушбу масалада жами 3 марта ариза билан мурожаат қилишганини айтди. “Аризаларимизни ижобий ҳал қилиб беринг”, дея илтимос қилди. Эвазига туман ҳокимиятининг жорий харажатларига ҳомийлик қилиши мумкинлигини билдирганидан кейин, И.М.нинг бошқа аризаларини ҳам топтирдим. Улар билан танишдим, айнан бир хил мазмундаги 3 та аризанинг 2 таси рад этилган ва биттасига ижобий хулоса қилингани ҳақида 3 та далолатнома тузилганини билдим. 2018 йил 5 сентябрдаги аризаси бўйича тўпланган ҳужжатларда туман қурилиш бўлими рад этувчи хулоса бергани сабабли 2018 йил 13 октябрдаги сана билан эгалик ҳуқуқини эътироф этиш мумкин эмаслиги ҳақида далолатнома тузилган. Бироқ илова ҳужжатларида кадастр хизмати хулосаси мавжуд эмаслигини кўрдим. 2019 йил 12 апрелдаги аризаси бўйича тўпланган ҳужжатларда туман қурилиш бўлими рад этувчи хулоса бергани сабабли 8 майдаги сана билан эгалик ҳуқуқини эътироф этиш мумкин эмаслиги ҳақида далолатнома тузилган. Аммо бу сафар кадастр хизматининг ижобий хулосаси бор эди. Юқоридаги 2 та ариза оралиғида берилган 2018 йил 4 декабрдаги аризага эса қурилиш бўлими ижобий хулоса берган бўлса, кадастр хизмати эса рад этувчи хулоса бергани ҳолда 2019 йил 16 январда ижобий далолатнома тузилгани учун жойига чиқиб текширдим. И.М.нинг 3 та аризаси хизмат хонамда комиссиянинг масъул ходими томонидан имзоланмаган ҳолда сақлаб келинган. Сабаби унинг турмуш ўртоғи Р.М. билан суҳбатлашган вақтимда менга 3 маротаба ариза қилганини айтиб, уларнинг кодини маълум қилгани учун хизмат хонамдаги базадан текшириб кўриш учун чақиртириб олиб, уларни ўрганиб чиқаётгандим. И.М. Юнусобод тумани Гуллола кўчасидаги ўзбошимчалик билан қурилган иморатга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш юзасидан қилган мурожаати асосида жойига чиқиб ўрганганимдан кейин, эгалик ҳуқуқини талаб қилаётган ер бўлагини бир қисмини, яъни “Солар” канали ва электр тармоғидан муҳофазаланадиган қисмидан ташқарисига эгалик ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги хулосага келганман ва қисман қаноатлантирмоқчи бўлганман. Бу ҳақда Р.М.га айтганман. И.М.нинг мурожаати асосида жойига чиқиб ўрганганим тўғри. Кейин унинг мурожаати юзасидан комиссия аъзоларини 2019 йил 12 октябрда йиғиб, муҳокама қилмоқчи бўлгандим. 461-сонли Қарор талабларидан келиб чиқиб, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш юзасидан келиб тушган мурожаатни қанча муддатларда кўриб чиқиш ҳақида тушунчага эгаман. Бироқ иш ҳажми жуда кўп бўлгани ва ушбу масала юзасидан акция эълон қилинганидан буён туман бўйича 6.500 га яқин аризалар келиб тушгани сабабли, уларнинг барчасини Низомда кўрсатиб ўтилган вақт давомида кўриб чиқиш имконияти жисмонан бўлмаган. Нафақат И.М.нинг аризалари, балки бошқа фуқароларнинг аризаларини ҳам ўз вақтида кўриб чиқиш имконияти бўлмаган. Р.М. билан суҳбатлашганимда у ўзиникидан ташқари қўшнисига тегишли Юнусобод тумани, Гуллола кўчасидаги уйга ҳам эгалик ҳуқуқини эътироф этиш қарори кераклигини айтган. Ўзини ишига таклиф қилгани каби қўшнисининг номидан ҳам таклиф қилган. Шунда ушбу манзил бўйича ариза йўқлигини билсам-да, Р.М.нинг ишончига кириш учун уни ҳам ҳал қилиб бериш ҳақида юзаки ёлғон келишув қилганман. Аслида бу манзил бўйича ҳеч ким расман мурожаат қилмаган. Унинг қўшниси билан шахсан учрашмаганман, танимайман ҳам. Мақсади фақат Р.М.нинг ишини ҳал қилиш қўлимдан келишига ишонтириш мақсадида уни таклифига гўёки рози бўлганман. Р.М. билан бўлиб ўтган суҳбатда ҳозирда унинг ҳар бир сотих ер майдонини нархи 10.000 АҚШ долларидан бўлаётгани, у таклиф қилган сумма камлик қилишини айтганман. Ушбу гапни айтишимдан мақсад, Тошкентдаги ер майдонини ҳар сотихи ҳозирги кунда ўртача 10.000 АҚШ долларидан бўлган. У бераётган 5.000 АҚШ доллари эвазига катта миқдорда манфаат кўраётганини тушунтириш бўлган. Бу ҳолатда ундан 80.000 АҚШ доллари сўрамаганман. 2019 йил 11 октябрда ер участкаси ва ноқонуний қурилмага эгалик ҳуқуқини белгилашни сўраб қилган мурожаатини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 5.000 АҚШ доллари олганман. Пулларни туман ҳокимияти учун молиявий ёрдам тариқасида беришини айтган. Ҳозирда қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. 

Судланувчининг айби бошқа далиллар билан ҳам исботланган

Судланувчининг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари, фуқаро Р.М.нинг аризаси, аризани текшириш баённомаси, пул маблағига кимёвий ишлов бериш ва уни тақдим этиш ҳақидаги баённомаси, овоз ёзиш мосламасини тақдим этиш ва қабул қилиш баённомаси, суд-кимёвий экспертизасининг хулосаси, суд-фонографик экспертизасининг хулосалари, ашёвий далил деб эътироф этиш ва жиноят ишига қўшиш қарори, воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси, юзлаштириш баённомаси, сўроқ қилиш баённомалари, нарсани кўздан кечириш баённомаси, бирламчи тушунтириш хатлари, стенограмма ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган бошқа далиллар билан ҳам исботланган.

3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди

— Судланувчи ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга шу модда билан ЖКнинг 45, 57-моддаларини қўллаб, 2 йил муддатга давлат ва маҳаллий бошқарув органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

149

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг