Йўғон ичакка яширилган героин: ДБҚ бир гуруҳ хорижлик жиноятчиларни қўлга олди

Жамият

image

Давлат божхона қўмитасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг контрабандаси фош этилди. 

Хусусан, “Тошкент” халқаро аэропортида хорижий давлатга парвози олдидан 4 нафар хорижий давлат фуқаролари – М.Т., С.М., Я.А. ва Н.Н.лар божхона назоратидан ўтиши чоғида уларнинг хатти-ҳаракатлари ва безовталаниши божхона ходимлари эътиборини тортган. Аввалига уларнинг қўл юклари ва эгнидаги кийимлари кўздан кечирилган. 

Шундан сўнг йўловчилар аэропортдаги божхона постига ўрнатилган инсон тана аъзоларини сканерловчи “Body scanning” қурилмаси орқали кўздан кечирилган. Экрандаги тасвирлар шубҳали тус олди. Қурилма ушбу йўловчиларнинг организмида, аниқроғи йўғон ичак каналларида ёт жисмлар борлигини кўрсатган. 

Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ушбу шахслар белгиланган тартибда пойтахт Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказига олиб келиниб, шифокорлар томонидан холислар иштирокида тиббий кўрикдан ўтказилди.

Кўрик натижасида 4 нафар йўловчининг ички аъзоларига махсус ўрамлар яширилганлиги аниқланган ва чиқариб олинган.

Экспертиза хулосасига кўра, 4 нафар наркокурьерларнинг ички аъзоларида яширилган жами 268 та ўрамлар ичида умумий вазни 4 кг 152,52 грни ташкил этувчи героин гиёҳвандлик воситаси яширилганлиги аниқланган. 

Тезкор тадбир давомида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона постида ҳам яна бир наркокурьер қўлга олинган. М.М.исмли шахснинг ички аъзоларида 67 дона овалсимон шаклдаги ўрамларда 1 кг 42 граммдан ортиқ опий гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Шунингдек, божхоначилар “Тошкент” халқаро аэропорти орқали хорижга йўл олган С.М.нинг қинғир режасини фош этишган. Гап шундаки, ушбу шахс ўз ички аъзоларига 35 дона овалсимон шаклдаги ўрамларда 544,75 граммдан ортиқ героин гиёҳвандлик воситасини яширган экан. Шундан сўнг унга мазкур гиёҳвандлик воситаларини етказиб берган жиноий шериги хорижий давлат фуқароси Қ.Р.ҳам ушланган.

Божхона ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида умумий оғирлиги 5 кг. 739 гр.дан ортиқни ташкил этувчи героин ҳамда опий гиёҳвандлик воситаларини ичига ютган ҳолда олиб ўтмоқчи бўлган жами 7 нафар наркокурьерлар ҳамда мазкур жиноятларнинг асосий ташкилотчилари бўлган 3 нафар хорижий давлат фуқаролари қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур аниқланган барча ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлар қўзғатилиб, тергов органига юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

героин

Баҳолаганлар

295

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг