ЙТҲ: НКМК ишчилари автобуси Nexia билан тўқнашди. Қурбонлар бор

Жамият

image

Кеча, 5 январь куни соат 06:40 атрофида Навоий вилояти Конимех тумани Навоий – Зарафшон трассасининг 61 километрида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Натижада икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Nexia русумли автомобиль Навоий тоғ-металлургия комбинатининг ишчи-ходимларини олиб кетаётган Isuzu автобуси билан тўқнашиб кетган. Йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчисига айланган 19 нафар фуқародан 10 нафарининг аҳволи яхши бўлганли боис уйига жавоб берилган.

Ушбу автоҳалокат натижасида икки нафар фуқаро – Томди тумандан 58 ёшли А.М. ва Конимех туманидан М.У. олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган. Саккиз нафар фуқаро эса Конимех тумани Зафаробод посёлкасидаги Навоий тоғ-металлургия комбинатига қарашли 5-сонли тиббий санитария қисмига тез тиббий ёрдам бригадаси ёрдамида олиб келинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур тиббий санитария қисмига Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилояти филиалидан малакали нейрохирург ва травматолог мутахассислар Санитар авиация орқали жўнатилган.

Жароҳатланганлар Томди туманидан 18 ёшли А.А., 46 ёшли А.Н. ва 20 ёшли А.К., Конимех туманидан 14 ёшли А.Ж., 41 ёшли А.Ж. ва 56 ёшли Б.К. Зафаробод посёлкасидан 20 ёшли Н.С. ҳамда 27 ёшли С.Ш.лар зудлик билан текширувлардан ўтказилиб, белгиланган тартибда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилди. Улардан биттасининг аҳволи оғир, учтасининг аҳволи эса эса ўртача оғирликда, қолган тўрт нафарининг аҳволи қониқарли даражада. 

Айни пайтда уларнинг аҳволи малакали шифокорлар назоратида бўлиб, стандартлар асосида тиббий ёрдам кўрсатилмокда.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙТҲ Навоий

Баҳолаганлар

113

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг