“Йилига $9 млрд даромад бой берилмоқда”. Мирзиёев раҳбарларнинг илмга эътиборини паст баҳолади

Жамият

image

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг толани қайта ишлаш қуввати 1 миллион 300 минг тоннага етган бўлса-да, мамлакатда 1 миллион тонна тола ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда бугун, 28 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илмга асосланган уруғчилик ва агротехнологиялар ҳисобига пахта ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда пахтани чуқур қайта ишлаш асосида тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Президентга кўра, ҳозирнинг ўзида 300 минг тонна тола етмаяпти. Келгуси беш йилда бу эҳтиёж яна 600 минг тоннага ошади. Шундан 300 минг тоннаси сунъий тола бўлса, яна камида 300 минг тонна пахта толаси зарур.

“Нима учун Туркиянинг пахта майдони биздан 2 карра кам бўлсада, толани деярли тенг ҳажмда ишлаб чиқаради? Бунинг асосий сабаби — ҳали илмга, замонавий технологияларга жойлардаги раҳбарларнинг эътибори ва масъулияти паст”, деди Президент.

Давлат раҳбари қайта ишлаш борасидаги ишлар аҳволига ҳам тўхталди. Унга кўра, ип-калавани тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш даражаси мамлакатда 23 фоизни ташкил этади. Бунинг оқибатида йилига 9 миллиард доллар даромад бой берилмоқда.

Йиғилишда агар мутасаддилар туман ҳокимлари ва кластерлар билан ишларни тўғри ташкил қилса, тўқимачиликдаги иш ўринларини ҳозирги 400 мингдан бемалол 1 миллионга кўпайтириш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

246

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг