Ер сотилмайди. “Шаҳидлар хотираси” мажмуаси қайси пулга таъмирланади?

Жамият

Сўнгги кунларда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг эътибори Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” мажмуаси қурилиш-таъмирлаш ишларига қаратилган. Таклиф қилинган лойиҳа бўйича ҳамма турли хил ракурсдан фикрлар билдирмоқда. Унинг мажмуа атрофидаги ерлар сотилиши ҳисобидан молиялаштирилиши ва қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб борувчи “Mimar Group” МЧЖнинг тендерсиз танлаб олингани турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Маълумки, “Шаҳидлар хотираси” мажмуаси қурилиш-таъмирлаш ишлари учун мажмуа яқинидаги 3,7 гектар ер участкалари сотилиши ва ерлар шаҳар ҳокимлиги захирасига беғараз тақдим этилиши белгиланган. QALAMPIR.UZ журналисти Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаевни қурилиш-таъмирлаш ишларининг мажмуа атрофидаги ерлар сотилиши ҳисобидан молиялаштирилиши ва маблағ етарли бўлмаса, мажмуани реконструкция қилиш нега кераклиги масаласида сўроққа тутди. 

“Шаҳидлар хотираси” мажмуаси қурилиш-таъмирлаш ишларига Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маҳаллий бюджетидан 20 миллиард сўм маблағ ажратилади. Баъзи бир нарсалар борки, уларни пул билан ўлчаб бўлмайди. Ҳозир биз тарихимиз тўғрисида гапиряпмиз. Тарихимизда бундай қора кунлар бўлганини ҳам эслаб туришимиз керак”, дейди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари.

Шу ўринда, журналист ушбу лойиҳа Коррупцияга қарши курашиш агентлиги назоратига олиниши ва жамоатчиликнинг буни талаб қилишга ҳаққи борлигини таъкидлади. Фурқат Маҳмудхўжаев бу нарсани сўраш ва талаб қилиб олиш жамоатчиликнинг ҳаққи эканини айтиб ўтди. Ҳоким ўринбосарининг ишонч билан айтишича, қурилиш-таъмирлаш ишлари доирасида ҳеч қандай ер сотилмайди.

“Ер сотилмайди. Аниқ қилиб ёзишингиз мумкин: ер сотилмайди. Бунинг ўз тартиби бор: аукционга қўйилади. Ушбу масала илк марта кўтарилганда мени ҳайрон қолдирган жиҳати — “айнан шу жойлар сотилиб, мана шу жойлар танланади” дейишгани. Кўп масалалар жамоатчиликнинг фикридан келиб чиқиб ихчамлаштирилди. Шундан сўнг, албатта, маблағ сарфланиши ҳам камаяди. Ҳали қайта ҳисоб-китоб ҳам бўлади. Маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилган маблағ (20 млрд сўм — таҳр.) етиши ҳам мумкин. Акс ҳолда, аукционга мурожаат қилинади. Аукцион назарда тутилганда, шаҳарнинг хоҳлаган еридан тушум бўлиши мумкин”, дейди у.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарининг таъкидлашича, қурилиш-таъмирлаш ишларига маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилган бирламчи маблағ ҳам етиши мумкин.

Ер ажратиш бўйича янги тартиб жорий этилганидан сўнг, хоҳлаймизми йўқми баъзи ерлар барибир аукционга қўйилади. Шаҳар барибир ривожланиб боради: янги қурилиш ва бошқа ишлар ҳам қилиниши керак. Ҳозир бизда аниқ ҳисоб-китоб йўқ. Айтиб ўтиш жоиз, бизга маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилган бирламчи маблағ (20 млрд сўм — таҳр.) ҳам етиши мумкин”, дейди Маҳмудхўжаев.

QALAMPIR.UZ мажмуада қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб борувчи “Mimar Group” МЧЖнинг тендерсиз танлаб олингани масаласида МЧЖ расмийларидан изоҳ олишга ҳаракат қилди. Афсуски, айрим саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмади.


Мақола муаллифи

Теглар

“Шаҳидлар хотираси”

Баҳолаганлар

62

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар