ЕЧЛ. “Сити” Парижда меҳмон, “Милан” “Атлетико”га қарши ёхуд бугунги ўйинлар анонси

Спорт 4093
image

Бугун, 28 сентябрь куни Европанинг энг нуфузли мусобақаси бўлган Европа Чемпионлар Лигаси 2021-22 йилги мавсуми гуруҳ босқичининг 2-турига старт берилади.

Тошкент вақти билан соат 22:00 да “С” ва “D” гуруҳларида биттадан учрашувларга старт берилади. “С” гуруҳида илк турда “Спортинг”ни 4:0 ҳисобида енгган “Аякс” “Боруссия Дортмунд”га кичик ҳисобда мағлуб бўлган “Бешиктош”ни қабул қилади. “D” гуруҳида эса “Шахтёр” ҳамда “Интер” ўзаро куч синашади. Биринчи турда донецкликлар кутилмаганда Яхшибоев тўп сурувчи “Шериф” клубига мағлуб бўлганди. “Интер” эса сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб, “Реал”га енгилган.

Ушбу икки ўйин ўз ниҳоясига етгач, соат 23:55 да 2-турдан ўрин олган яна 6 та учрашув старт олади. “D” гуруҳи доирасида “Реал Мадрид” ўз уйида “Шериф”ни қабул қилади. Ушбу ўйин “Сантьяго Бернабеу” стадионида илк бор ўзбек футболчиси тўп суриши билан ҳам аҳамиятга эга. Мадридликлар агар бу ўйинда ғолиб бўлса, гуруҳ пешқадамига айланиб олади.

“D” гуруҳида пешқадам “Боруссия” ўз уйида “Спортинг”ни қабул қилади. Шунингдек, “ўлим гуруҳлари”дан бири бўлган “B” гуруҳида етакчи “Ливерпуль” “Порту” меҳмони бўлади. Мерсисайд клуби ғолиб чиққан тақдирда гуруҳда якка пешқадамга айланиб олади. 

“B” гуруҳининг 2-баҳсида марказий учрашув бўлиб ўтади: 7 йиллик танаффусдан сўнг, ЕЧЛга қайтган “Милан” “Сан-Сиро”да “Атлетико”ни меҳмон қилади. Илк турда миланликлар “Ливерпуль”га 3:2 ҳисобида енгилган эди. “Атлетико” эса ўз уйида “Порту” билан дуранг ўйнаган.

Шунингдек, ЕЧЛ гуруҳларининг энг кучлиси, дея таърифланаётган “А” гуруҳида ҳам 2 баҳс ўтказилади. Илк турда “Манчестер Сити”га 6:3 ҳисобида енгилган “Лейпциг” бу турда “Брюгге”ни меҳмон қилади. Улар айни дамда гуруҳ аутсайдерлари бўлиб турибди. 2-ўйин эса турнинг энг марказий учрашуви бўлиши кутилаётган ПСЖ – “Манчестер Сити” жуфтлигидир. Икки юлдузли таркиб бу оқшом сизга ҳақиқий жанг тақдим этиши аниқ.

Маълумот учун, эртага, 29 сентябрь куни ҳам ЕЧЛ баҳслари давом этади.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 120
Рейтинг: 3.1
t
×