ЕЧЛ. Роналду яна қаҳрамон, “Бавария”да 5 та гол, “Барса” йирик ҳисобда мағлуб бўлди

Спорт 13091
image

Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 2-туридан ўрин олган барча учрашувлар ўз ниҳоясига етди.

Бугун, 29 сентябрь куни ЕЧЛнинг тўртта гуруҳида жами саккизта баҳс ўтказилиб, уларнинг барчасида гол урилди.

“E” гуруҳида пешқадам “Бавария” ўз уйида “Динамо Киев”ни қабул қилиб, рақиб дарвозасига жавобсиз бешта тўп йўллашга муваффақ бўлди. Натижада мюнхенликлар очколари сонини олтитага етказиб, пешқадамлигини мустаҳкамлади. 

Иккинчи жуфтликда эса “Бенфика” Португалияда “Барселона”ни меҳмон қилиб, 3:0 ҳисобида ғалабага эришди. Аҳамиятли жиҳати, каталонияликлар ЕЧЛнинг кетма-кет 2-ўйинида рақиб дарвозасига бирорта аниқ зарба йўллай олмади.

“F” гуруҳида МЮ “Олд Траффорд”да ўтган мавсум Европа лигаси финалида тўқнаш келган “Вильярреал” клубига қарши баҳс олиб борди. Тенгма-тенг курашларга бой ўтган ўйин Криштиану Роналдунинг 90+5-дақиқада урган ғалаба голи билан ўз ниҳоясига етди — 2:1!

Иккинчи қарама-қаршиликда “Аталанта” Бергамода “Янг Бойз”ни қабул қилди ва Песинанинг ягона голи эвазига 3 очкони қўлга киритди. Айни дамда улар 4 очко билан гуруҳда пешқадам бўлиб турибди, МЮ ва “Янг Бойз” эса 3 очкодан тўплаган ҳолда 2 ва 3-ўринларни эгаллашган.

Нисбатан ўртамиёна жамоалар жам бўлган “G” гуруҳида “Зальцбург” “Лилль”га қарши баҳс олиб бориб, 2:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритган бўлса, нариги жуфтликда “Севилья” “Вольфсбург” майдонида қийинчилик билан 1 очкога эга чиқди. Натижада Австрия клуби тўртлик пешқадамига айланди, “Севилья” ва “Вольфсбург” 2 ҳамда 3-ўринлардан жой олди.

“H” гуруҳида кечанинг марказий учрашувида “Ювентус” Туринда “Челси”ни қабул қилиб, Кьезанинг ягона голи эвазига ғалабани қўлга киритди. Томас Тухель шогирдлари “зебралар”га қарши деярли ҳеч нима қила олмади.

Иккинчи қарама-қаршиликда “Зенит” “Малмё”ни меҳмон қилиб, “Газпром арена”да рақиб дарвозасига жавобсиз тўртта гол уришга муваффақ бўлди. Бу орқали улар очколар сони бўйича “Челси”га етиб олиб, 2-ўрин учун баҳсга қўшилди. Айни дамда гуруҳда 6 очко тўплаган “Ювентус” пешқадамликни сақлаб турибди.

Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 3-тур учрашувлари 19-20 октябрь кунлари бўлиб ўтади.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 425
Рейтинг: 3
t
×