Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси маъқулланди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Бугун, 17 март куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда сенаторлар томонидан 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши жараёнида иш берувчининг масъулиятини, фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги, турли хил шаклларининг фаол ривожланишини ҳисобга олмаслиги, шунингдек, иш берувчиларга, хусусан, қўшимча ишчиларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган етарли шарт-шароитлар яратмаслиги таъкидланди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар жумладан, Германия, Швеция, Норвегия, Буюк Британия, Латвия, Эстония Япония, Жанубий Корея ҳамда МДҲ давлатлари тажрибаси чуқур ўрганилгани қайд этилди.

“Меҳнат қонунчилиги жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун долзарб ҳаётий аҳамиятга эга. Шу маънода янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси жуда муҳим ҳужжат. Унда замонавий меҳнат муносабатлари билан боғлиқ барча муҳим жиҳатлар инобатга олинган. Меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнат тушунчалари халқаро меъёрлар ва тавсияларга (ХМТ) мос тарзда батафсил ёритилган. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали ёки ногирон болалари бўлган ота-оналарга, ногиронлиги бўлган шахсларга, битирувчиларга, ҳарбий хизматдан бўшатилганларга, жазодан озод қилинганларга, одам савдосидан жабрланганларга ишга жойлашишда қўшимча кафолатлар белгилангани эътиборга молик”, дейди Сенат раиси Танзила Норбоева.

Кодекс меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган.

Қайд этилишича, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилиниши бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари мувозанатини таъминлаш, кичик бизнес ва якка тадбиркорлик соҳасига меҳнат қонунчилигини татбиқ этишни соддалаштириш, шунингдек, мазкур соҳаларда ёлланиб ишловчилар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш хусусиятларини ҳисобга олиш, Меҳнат кодекси қоидаларини халқаро ҳуқуқ нормалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларга мослаштиришга хизмат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

126

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг