Шарқий Рим империясининг интиҳоси ёхуд Константинополь эгалланганига 568 йил тўлди

Бу қизиқ

image
0:00
0:00
download

Давлатчилик тарихида шаҳарлар ўзига хос ўринга эга. Ўтмиш тарихдан маълумки, шаҳарларнинг ривожланиши, тараққиётдан далолат бериб келган. Шаҳарнинг юксалиши билан ижтимоий-иқтисодий ҳаёт, илм-фан ва маданият ҳамда бошқа кўплаб соҳалар тараққий эта бошлаган. Бундан ташқари, шаҳарлар муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган. Стратегик жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашган шаҳарлар эса ҳар доим ҳукмдорларнинг эътиборини тортган. 

Шундай стратегик муҳим географик ҳудудда жойлашган ва тараққий этган шаҳарлардан бири, Ўрта асрларда “Олтин кўприк” номини билан машҳур бўлган Константинополь шаҳри ҳисобланади.

Бундан роппа-роса 568 йил олдин 1453 йил 29 май куни Усмонли турк Султони Меҳмед II Фотиҳ Константинополь шаҳрини икки ойлик қамалдан сўнг эгаллаб, уни Истанбул деб номлаган ва Усмонли империясининг пойтахтига айлантирган эди. Бугунги мақоламизда айнан Константинополь шаҳрини Усмонли турклар томонидан эгалланиши ҳақида қисқача сўз юритамиз.

Император Константин қурдирган Константинополь

Ўрта асрларда машҳур бўлган Константинополь шаҳри Рим императори Константин I томонидан 324-330 йилларда қурдирилган ҳамда унинг шарафига Константинополь деб номланган. Бу шаҳарни “Янги Рим”, “Иккинчи Рим”, “Шарқий Рим”, “Мегаполис” (катта шаҳар), “Шаҳарлар  маликаси”, “Олтин кўприк” деган ном билан ҳам машҳур бўлган.

Султон Меҳмед II Фотиҳ

1451 йилда Султон Мурод II Ғозий вафот этди. Тахтни унинг 19 ёшли ўғли Меҳмед эгаллайди. Ёш Султон Меҳмед II ни Европанинг аксар ҳукмдорлари вояга этмаган ва қобилиятсиз йигит деб ҳисоблашган.

Мусулмонлар учун Константинополь ваъда қилинган шаҳар эди. Ислом эътиқодига кўра, пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) бу шаҳар қулаши ҳақида башорат қилган. Меҳмед II тахтга ўтиргандан сўнг, Константинополни эгаллаш ҳамда Усмонли империясининг пойтахтига айлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бунинг учун Султон кечаю кундуз саройдан чиқмай Константинополни эгаллаш учун режалар тузади.

Константинополь шаҳрининг жойлашуви

Константинополь шаҳри Мармар денгизи ва Олтин Шоҳ қирғоқларида жойлашган бўлиб. Денгиз қирғоғида жойлашган мудофаа иншоотлари шаҳар деворлари ҳамда қирғоқни душмандан ҳимоя қилган. Мармар денгизи мудофаачилар учун энг хатарсиз қирғоқ ҳисобланган. Чунки Мармар денгизининг тез оқими душман денгиз кучларини қуруқликка тушишига имкон бермас эди. Шаҳарнинг бу қисми VII асрда қурилган битта девор билан ҳимояланган бўлган.

Урушга тайёргарлик

Султон Меҳмед II Константинополга ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин, венгер тўп устаси Урбанни ўз хизматига олади. Урбан султон Меҳмедга уч ой ичида “Базилика” деб номланган улкан замбарак ясаб беради. Бу улкан тўп ўша давр мўъжизаси эди. Улкан замбаракнинг узунлиги 8 м бўлиб, 1,6 км масофага 270 кг оғирликдаги тош тўпларни улоқтиришга қодир бўлган.

Қамалда қатнашган Нестор Искандар хотирасида шундай деб ёзган: “Уларнинг иккита улкан замбараклари бор эди, ўқларнинг катталиги бири тиззагача, иккинчиси эса белга қадар эди”. 

Аммо улкан замбаракнинг бир нечта камчиликлари бўлиб, ўқлаш учун уч соат вақт кетган.

1452 йил кузида турклар Пелепоннесга бостириб кириб, у ерни эгаллайди. Султон Меҳмед II Фракия соҳилидаги барча шаҳарларни босиб олишни буюрди. Шу орқали Султон шаҳарни ташқи алоқадан узиб қўйишни режа қилган эди. 1453 йил март ойида Константинополь шаҳри деворлари яқинида ҳарбий қароргоҳ барпо этилди. Турклар 6 апрель куни шаҳарни қуршаб олишга киришди. Дастлаб Султон Меҳмед II таслим бўлиш таклифи билан император Константин ХI га элчилар юборади.

Агар шаҳар таслим бўлса, Султон Меҳмед аҳолининг жони ва мол-мулкини сақлашга ваъда берди. Император эса шаҳар таслим бўлмаслигини билдириб, рад жавобни йўллайди. Натижада султон шаҳарга ҳужум бошлашга буйруқ беради.

Султон Меҳмед II Константинополь шаҳрини денгиздан ҳам қуршаб олиш мақсадида, қуруқлик йўли орқали турк кемаларини Олтин Шох кўрфазига судраб олиб ўтишни буюради. Бунга сабаб шаҳарга олиб борувчи денгиз йўллари улкан занжир билан тўсиб қўйилгани эди.  Султон қўшини ҳарбий кемаларни баландлиги 60 метр бўлган тепаликдан олиб ўтиб, Олтин Шох кўрфазига туширишга муваффақ бўлади.

26-27 май кунлари шаҳар деворлари қаттиқ ўққа тутилади, 29 май куни султон қўшини ҳужум бошлайди. Ҳужум вақтида Андрианопол дарвозаси ишғол этилади. Султон Меҳмед II айнан шу дарвоза орқали Константинополга бостириб киради. 

Турклар шаҳарни босиб олганларидан сўнг кўплаб эркаклар ва аёлларни Буюк Константин устуни ёнига тўплайдилар. Сабаби насроний эътиқодидаги башоратга биноан, турклар бу устунга етиб бориши билан осмондан бир фаришта тушиб, қироллик тожи ва қиличини ушбу устун ёнида турган бир инсонга топшириши айтилган. Турклар шаҳарни эгаллашди, лекин башорат амалга ошмади.

Султон Константинополни Усмонийлар империясининг пойтахтига айлантирмоқчи бўлгани учун шаҳар биноларига зарар етказмасликни буюради. Император Юстиниан замонидан қолган машҳур ёдгорлик, Аё София ибодатхонаси Султон буйруғига кўра сақлаб қолинади. Кейинчалик бу ибодатхона Авлиё София номи остида султоннинг асосий масжидига айланган. Константинопол номини эса Истанбул деб ўзгартилган.  

Ғарбий Рим империяси қулаганидан қарийб минг йил ўтиб, 1453 йилда Меҳмед II Фотиҳ Константинополни эгаллаб, императорлик тожи ва муҳрини Ватиканга жўнатди. Шу тариқа шарқий Рим империясига интиҳо ясалди.

Сардор Али Нурматов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

260

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг