Яна ҳакамлар можароси: “Насаф” – “Сўғдиёна” баҳси жанжал билан якунланди

Спорт 9557
image

Кеча, 4 июль куни Қаршидаги “Марказий” стадионида Суперлига 12-туридан ўрин олган марказий учрашув бўлиб ўтди. Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби “Насаф” меҳмони бўлди.

Ўта қийин ўтган, можаролар ҳамда қизил карточкага бой ўтган ушбу учрашув Рўзиқул Бердиев шогирдларининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ушбу ўйин турнир жадвали ва жамоаларнинг амбициялари эътиборидан ўта муҳим эди. Ўйин тақдирини Ҳусайн Норчаев томонидан 53-дақиқада киритилган гол ҳал қилди. Учрашув якунланиши арафасида Жамшид Болтабоев ҳамда Ҳусниддин Алиқуловга бош ҳакам Шавкат Насибуллаев қизил карточка кўрсатиб, майдондан четлатди. Ўйин якуни арафасида “Сўғдиёна” томонидан киритилган гол бош ҳакамнинг қарорига кўра инобатга олинмади, ваҳоланки, бу вазиятда гол ҳаққоний тарзда киритилган эди.

96-дақиқада ушбу норозилик оқибатида майдон марказидаги футболчилар жанжал кўтаришди ва бу даҳанаки жангга айланиб кетди.

Ҳолат юзасидан кўпчилик мутахассислар танқидий фикр билдирди, бироқ бу фикрлар натижани ўзгартира олмайди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 1 декабрида Суперлигага ўтиш ўйинида “Нефтчи” ҳамда “Турон” жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг футболчилар ҳакамларни дўппослаган эди. Бу воқеадан сўнг ўша футболчиларга нисбатан жазо чоралари қўлланганди. Бундан ташқари, Суперлига 2-туридаги “Сўғдиёна” – ”Турон“ баҳсидан сўнг, “Турон” бош мураббийи ҳакамнинг қароридан норози бўлиб, “ёрилгани”дан сўнг, ишдан бўшатилган эди

Бу воқеа эса, ушбу мавсумдаги ҳакамлар билан боғлиқ учинчи ҳолат ҳисобланади.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 411
Рейтинг: 3
t
×