Волейбол. Ўзбекистон Осиё чемпионатини кетма-кет икки ғалаба билан якунлади

Спорт 4492
image

Япониянинг Чиба шаҳрида волейбол бўйича эркаклар ўртасидаги Осиё чемпионати давом этмоқда.

Узоқ йиллик танаффусдан сўнг, қитъа чемпионатида иштирок этаётган Ўзбекистон волейболчилари бугун, 19 сентябрь куни 13-16 ўринлар учун кураш доирасида сўнгги учрашувини ўтказди. Волейболчилар 13-ўрин учун кечган баҳсда Гонконг терма жамоасини 3:0 (25:20, 25:23, 25:21) ҳисобида таслим этишди. 

Шунингдек, кеча, 18 сентябрь куни улар Таиланд терма жамоасидан 3:2 ҳисобида устун келишган эди. Гуруҳ баҳсларида эса тажриба ўз сўзини айтди. Австралия, Хитой ва Қувайт терма жамоалари Ўзбекистондан устун келган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси турли сабабларга кўра, 12 йил давомида Осиё чемпионатларида иштирок этмади. Ушбу мусобақага лицензия берувчи ўйинда ҳам Шри-Ланка терма жамоасига имконият бой берилган, бироқ пандемия шароитида цейлонликлар қитъа биринчилигида қатнаша олмаслигини маълум қилгач, йўлланма Ўзбекистонга тақдим этилган эди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 143
Рейтинг: 3
t
×