Вазирлик ҳаво совиганда экинларни совуқ уришидан асраш учун тавсиялар берди

Фойдали

image

Аввалроқ, жорий йил 24-27 февраль кунлари Ўзбекистонга Волга бўйи орқали Россиянинг Европа қисми ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво кириб келиши сабабли ҳарорат кечаси 17-22 даража ва кундузи 10-15 даража совуқ кутилиши ҳақида хабар берган эдик. Ўзгидромет бундай ҳавода куртак очиб бўлган мевали дарахтларни совуқ уриши мумкинлигини маълум қилганди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шундай об-ҳаво шароитида мевали боғ ва узумзорлар, эртаки картошка ва сабзавот экинларига салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида зудлик билан амалга ошириладиган тавсияларни бериб ўтди. Булар:

•    мевали боғ ва узумзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизиш;

•    мевали боғ ва узумзорлар қатор ораларига маҳаллий ўғит аралаш ҳашак, пахол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш. Бунинг учун мевали боғ ва узумзорларга бир текисда эни 1,25-1,5 м ҳамда баландлиги 0,5-0,75 м дан тўп-тўп қилиб уйиб қўйиш;

•    дарахтларнинг ёши ва қалин сийраклигига қараб ҳар бир гектар майдонга 100-200 та уюм ҳосил қилиш. Тутун боғ ичига яхши ёйилиши учун уюмларни мевали боғ ва узумзорларнинг шамол эсадиган томонига қўйиш ҳамда ҳаво хароратини кузатиб бориш;

•    ҳаво очиқ бўлиб, ҳарорат +1 даражага тушиши билан уюмларни тутатиш. Бунда уюмларнинг алангаланмай, тутаб ёнишига алоҳида аҳамият бериш лозим. Совуқ такрорланишини ҳисобга олиб, уюмлар оралатиб тутатиш. Агар совуқ бўлмаса уюмлардан ўғит сифатида фойдаланиш;

•    эртаги муддатларда экилган картошка ниҳоллари ердан униб чиққан бўлса, шароитга қараб, эгат устини полиэтилен плёнка билан ёпиш ёки ёпишнинг иложи бўлмаган майдонларда кечки сув қўйишни ташкил этиш ва майдоннинг атрофига гўнг аралаш хашак, пахол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаш ҳамда уларни тутатиш;

•    иситилмайдиган кўчатхоналарда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини совуқдан асрашнинг муҳим тадбирларидан бири дугалар ўрнатиш, устини полиэтилен плёнкаси билан ёпиш, вақтинчалик иситиш мосламаларидан фойдаланиш ҳамда атрофига гўнг аралаш хашак, пахол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш;

•    иссиқсевар сабзавот экинларидан помидор, ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини парникда тайёрлашни ҳамда бодринг ва полиз экинлари уруғларини экишни вақтинчалик тўхтатиб туриш;

•    ҳар бир далада ҳаво ҳароратини кузатиб, ҳаво ҳарорати +1 даражага тушиши билан уюмларни тутатиш. 

Вазирликка кўра, совуққа чидамли сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги, карам ва кўкат сабзавотлар каби экинларга 2-3 даража совуқ сезиларли таъсир этмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Баҳолаганлар

362

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг