Ўзбекистонлик 3 спортчи Олимпиада йўлланмасидан маҳрум этилиши мумкин

Спорт 1528
image

Ўтган, май ойи охирида ўзбекистонлик 3 нафар сузувчи FINA (Халқаро сузиш федерацияси) рейтингидан бир қатор айбловлар қўйилгач, олиб ташланди. Бу ҳақда Халқаро сузиш федерацияси расмий сайти хабар берди.

Қайд этилишича, рейтингда узоқ вақт етакчилик қилиб турган Алексей Тарасенко, Одилбек Юсуфбоев ҳамда Элдор Юсупов 2020 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган “Uzbekistan Open” халқаро сузиш мусобақасидан сўнг, рейтингдан олиб ташланган. Ҳайратланарлиси, уларнинг учаласи ҳам мусобақада қониқарли натижалар қайд этганди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳаттоки допинг учун топширилган тестда мусбат натижа қайд этган бразилиялик сузувчи ҳам ушбу рейтингда ўз ўрнида турибди, аммо ўзбекистонлик спортчилар рўйхатдан олиб ташланган. 

Маълумот ўрнида, вазият ўзгармаган тақдирда, улар Олимпиада йўлланмасидан ҳам маҳрум бўлишади. Ҳозирча, бунинг сабаблари аниқ айтилмаган.

QALAMPIR.UZ воқеага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Сузиш Федерацияси билан боғланди ва вазият юзасидан маълумот олишга ҳаракат қилди. Федерациядагиларнинг таъкидлашича, нотўғри маълумот олиниши натижасида Халқаро Сузиш Федерацияси ўзбекистонлик спортчиларга санкция қўллаган ва вазият юзасидан тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда. Июнь ойи охирида якуний қарор чиқарилиши айтилган. Агар вазият ўзгармаса, ўзбек сузувчилари олимпиада билан хайрлашади.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 17
Рейтинг: 3
t
×