Ўзбекистонлик бирор сузувчи Олимпиадада қатнашмайди — Никимбаев

Спорт 6511
image

Таниқли спорт мутахассиси Алишер Никимбаев ўзининг Telegram каналида Ўзбекистон терма жамоасининг Олимпиада йўлланмасига эга чиққан спортчилари ҳамда сузишга ажратилган йўлланмалардаги муаммоли вазият хусусида пост қолдирди.

Унга кўра, Халқаро сузиш федерацияси (FINA) веб-сайтида Токио Олимпиадасига йўл олган спортчилар орасида бирорта ўзбекитонлик сузувчи номи қайд этилмаган. Бундан келиб чиқадики, Олимпиадада ўзбекистонлик сузувчиларни кўрмаймиз.

Умуман олиб қараганда, бу ҳайрон қоларли жиҳат эмас. Сабаби ўзбекистонлик спортчилар бундан аввал ҳам бир неча бор натижаларни сохталаштирганликда айбланган, бу эса уларнинг жорий йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган Тошкентдаги саралаш мусобақасида ҳам қатнашмасликларига сабаб бўлган. Бироқ, ҳалигача FINA’нинг Ўзбекистонга иккита жой ажратиши мумкинлиги борасида фикрлар бор. Катта эҳтимол билан аёллар спортига қаратилаётган эътибор боис, аёл спортчилар йўлланмага эга чиқишлари мумкин. Лекин эркак сузувчилар йўлланмани қўлга кирита олмайди.

Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ ушбу можаро юзасидан бир ой аввал Ўзбекистон Сузиш федерацияси билан боғланганди. Расмийлар нотўғри маълумот олиниши натижасида Халқаро Сузиш Федерацияси ўзбекистонлик спортчиларга санкция қўллагани ва вазият юзасидан тергов-суриштирув ишлари давом этаётганини таъкидлашган эди. Бироқ вазият ўзгармади ва якунда барибир ўзбекистонлик сузувчилар йўлланмадан маҳрум бўлди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 168
Рейтинг: 3.1
t
×