Ўзбекистонда шакар нархи нега ошиб кетяпти? Вазирлик расмий изоҳ берди

Жамият

image

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон бозорларида шакар нархининг ошиши юзасидан кўплаб хабарлар тарқалмоқда. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Матбуот хизмати шакар нархи бўйича муносабат билдирди.

Вазирликнинг Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра билдиришича, бугунги кунда ички бозорда 1 кг шакарнинг ўртача нархи 9 500 – 13 000 сўм доирасида шаклланмоқда, шунингдек, айрим савдо нуқталарида шакар нархининг 14 000 сўмгача кўтарилгани кузатилмоқда.

Шу билан бирга, қўшни ва бошқа МДҲ мамлакатларида шакар нархи 52 фоизга (сўм эквивалентида қўшни мамлакатларда 14 000 сўмдан 21 000 сўмгача) ўсиши билан бир қаторда, ушбу маҳсулот тақчиллиги билан боғлиқ муаммо ва хатарлар юзага келаётганлиги кузатилмоқда. 

“Қўшни ва бошқа МДҲ мамлакатларида нархларнинг ошиши, ўз навбатида, Ўзбекистон ички бозорида аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида ҳам шакар нархи бўйича инфляцион кутилмаларнинг кучайишига маълум маънода таъсир кўрсатувчи омиллардан бўлди.

Бозор иқтисодиёти шароитида ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг минтақа ва бошқа давлатлар иқтисодиётлари билан ташқи савдо борасида ҳамкорликнинг кенгайиб ва эркинлашиб бориши ҳолатида мамлакат ичидаги нархларни қўшни давлатлардагига нисбатан кескин фарқ қилувчи даражада сақлаб туришнинг деярли имкони бўлмайди.

Хусусан, жорий йилда мамлакатимизда шакар ишлаб чиқариш ҳажми январ-май ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 минг тонна ёки 16 фоизга кўпроқни (224 минг тоннадан 259 минг тоннагача ошган), яъни таклиф ҳажми ошганлигига қарамай (биржа орқали сотилган ҳажм 177 минг тоннадан 186 минг тоннагача кўпайган) шакар нархи, асосан, ташқи омиллар таъсирида ўсиши кузатилди”, дейилади вазирлик шарҳида.

Қайд этилишича, шакар нархининг ўсишига, биринчи навбатда, мазкур маҳсулот ва унинг хомашёсини Марказий Осиё минтақасига етказиб бериш бўйича транспорт ва логистика билан боғлиқ муаммолар ҳамда ёқилғи ресурслари нархларининг ўсиши таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, бугунги кунда Лондон биржасида шаклланган шакарнинг нархи (500 доллардан 575 долларгача) 15 фоизга ошган бўлса, унинг Ўзбекистонга етказиб бериш харажатлари 1 тоннаси учун 173 доллардан 271 долларгача ёки 57 фоизга ошган.

Натижада, тахминий ҳисоб-китобларга кўра, ДАП Узбекистан шартида Ўзбекистон Республикаси чегарасигача етказиб бериш тайёр шакарнинг қиймати (божхона ва солиқ тўловларисиз) йил бошидаги 674 доллардан 840 долларгача ёки 25 фоизга ошган.

“Анъанавий денгиз портларининг ёпилиши ҳамда алтернатив портлар ўтказувчанлик сиғимларининг пастлиги товарларни узоқ муддат қолиб кетиши ҳамда сақлаш билан боғлиқ қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда.

Юзага келган мазкур шароитда минтақадаги экспортёр давлатлар ҳамда Ҳиндистон томонидан экспортга чекловнинг киритилиши кузатилмоқда”, дейилади вазирлик муносабатида.

Маълумот учун, Россия ҳукуматининг 2022 йил 14 мартдаги тегишли қарорига асосан 2022 йил 31 августгача, Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг 2022 йил 4 майдаги буйруғига асосан 6 ой муддатга шунингдек, Ҳиндистонда 2022 йил 25 майдан шакар экспортига чеклов ўрнатилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда шакар тақчиллигининг юзага келишини ва келгусида унинг нархини кескин ошиб кетишини олдини олиш борасида чоралар кўрилмоқда.

Вазирликка кўра, Республикада шакар танқислиги мавжуд эмас ва ички бозорни йил якунига қадар шакар билан тўйинтириш бўйича барча захиралар яратилган, жумладан:

•   шакарга бўлган талабнинг мавсумий ошиши шароитида (мева-сабзавотларни консервация қилиш мавсуми) нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида биржа савдоларига чиқариладиган шакар ҳажми жорий йил июн ойидан бошлаб 50 фоизгача оширилади. Хусусан, биржадаги савдоларга қўйилаётган шакар ҳажми амалдаги 2 000 тоннадан 3 000 тоннагача оширилади.

•   жорий йилда шакар ишлаб чиқариш ҳажми 720 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 22 фоизга кўпроқни ташкил этади. Бунда шакар ва унинг хомашёси импорти ҳажми ўтган йилги 643 минг тоннадан 900 минг тоннагача оширилади. Натижада, жорий йил якуни билан ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган тайёр шакар қолдиғи 118 минг тоннадан кўпроқни ташкил этиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

шакар

Баҳолаганлар

192

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг