Ўзбекистонда хорижий валюталар курсини ҳар куни янгилаш йўлга қўйилади

Жамият

image

Жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб Ўзбекистонда Марказий банкнинг хорижий валюта бўйича курсларини ҳар куни эълон қилиб бориш режалаштириляпти. Бу ҳақда МБ раисининг ўринбосари Беҳзод Ҳамроев Халқаро пресс-клуб сессиясида айтиб ўтди.

Унга кўра, валюта биржалари ҳар куни соат 10:00 дан 15:00 гача доимий равишда онлайн платформада ишлаши кутилмоқда. Марказий банк хорижий валюта курсларининг сўмга нисбатан қийматини, биржадаги ўртача нархдан келиб чиққан ҳолда, ҳар куни янгилаб боради.

“Ҳозир ҳар душанба куни Марказий банк курси янгиланади. Бу сешанба кундан кучга киради. Бунда биржа савдоларидаги нархдан ўртача курс чиқарилади. Бу ҳақиқий курснинг динамикасини кўрсата олмаслиги мумкин”, дейди Ҳамроев.

Регулятор масъулининг таъкидлашича, февраль ойидан бошлаб Марказий банк ҳар куни хорижий валюталар курсини эълон қилади.

“Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, февралдан ҳар куни курс эълон қилинади. Ҳозир банклар билан техник томондан тайрланиб олишимиз керак. Соат 15:00 да биржа савдоси тугайди. Кун давомида бўлган савдо бўйича соат 15:30 – 16:00 да ўртача курс МБ сайтида эълон қилинади”, дейди Беҳзод Ҳамроев.

Ҳамроевнинг таъкидлашича, Марказий банк томонидан шу йил амалга оширилиши мақсад қилинган асосий режалардан бири – миллий валютанинг чет эл валютасига қарамлигини камайтириш ва инфляция даражасининг 10 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлашдир. Шунингдек, тадбиркорлар тижорат банкларидан онлайн тарзда буюртма бериб тўғридан тўғри валюта харид қилиш имкониятига эга бўлишади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида жорий йилда нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик Марказий банк ва ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк валюталар курси

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг