Расман: Ўзбекистон энергетика соҳасини йирик ўзгаришлар кутмоқда

Жамият

image

Ўзбекистоннинг йилдан йилга ошиб бораётган энерго ресурслар талабини барқарор ва тўлиқ таъминлаб бориш ҳамда соҳага хусусий инвестицияларнинг кириб келишини таъминлаш учун республика энергия ресурслари бозорида нархларни эркинлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Энергетика, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ва Молия вазирликлари QALAMPIR.UZ'га қўшма баёнот берди.

Вазирликнинг таъкидлашича, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми 61 млрд кВт соатдан 72 млрд кВт соатга ёки 1,2 баробарга ошди. Бунда аҳоли истеъмоли учун етказиб берилган электр энергияси 11 млрд кВт соатдан 16 млрд кВт соатгача ёки 1,5 баробарга ўсди.

Шунга қарамасдан, етказиб бериш инфратузилмаси билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлиги ҳисобига 2021 йилда республика бўйича электр энергиясига қондирилмаган талаб ҳисоб-китобларга кўра 2-3 млрд кВт соатни ташкил этган.

Қайд этилишича, қуйидаги омиллар ҳисобига энерго ресурслари бозори ва энерго таъминот тизимини ислоҳ қилиш зарурияти юзага келмоқда:

1. Иссиқлик электр станцияларидаги (ИЭС) энергоблокларнинг аксарияти 25 йилдан ортиқ муддатда фойдаланиб келинмоқда, уларнинг фойдали иш коэффициенти паст (25-35 фоиз) ва замонавий буғ-газ ускуналарига (фойдали иш коэфициенти – 55-60 фоиз) қараганда 2 баравар кўп ёқилғи сарфлайди. Жумладан, сўнгги уч йилда ИЭСларга электр энергияси ишлаб чиқариш учун етказиб берилган табиий газ ҳажми 15 млрд куб метрдан 17 млрд куб метрга етган.

Шунингдек, ушбу даврда аҳолига етказиб берилган табиий газ ҳажми ҳам 10 млрд куб метрдан 13 млрд куб метрга кўпайган.

Таъкидланишича, табиий газга ички бозорнинг талабини қондириш учун экспорт ҳажмлари кескин камайган. Мисол учун, 2019 йилда табиий газ экспорти 12,2 млрд куб метрни ташкил этган бўлса, жорий йилда 3,3 млрд куб метр ташкил этиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ушбу даврда табиий газнинг импорт ҳажми 0,2 млрд куб метрдан 4 млрд куб метргача ошган. 

“Республика истеъмолчиларининг йилдан-йилга ошиб бораётган талаби бозорда эркин нархларда сотиб олинадиган табиий газ ҳажми оширилиши ҳисобига қопланмоқда.

Бунинг натижасида давлат бюджети ҳисобидан амалдаги субсидияланган (ёки ҳақиқий таннархидан арзонроқ) табиий газ тарифлари даражасини сақлаб туриш учун бевосита ва билвосита харажатлар ҳажми ҳам ошиб бормоқда”, дейилади вазирлик баёнотида.

2. Соҳага масъул идорага кўра, мавжуд электр узатиш тармоқлари ва трансформаторларнинг асосий қисмининг қувват ўтказиш қобилияти пастлиги истеъмолчиларга электр энергиясини етарли ҳажмда етказиб бериш имкониятини бермайди.

Шунингдек, тақсимловчи тармоқлар ва трансформаторларнинг юқори даражада эскирганлиги электр таъминотидаги кўп сонли узилишларга ва электр энергиясининг сифат кўрсаткичлари ёмонлашишига сабаб бўлаётгани таъкидланган. Мисол учун. Бугунги кунда айрим ҳудудларда трансформаторларнинг юкланганлик даражаси белгиланган 80 фоизли техник меъёрдан юқори.

“Республиканинг 101 та шаҳар ва туманларида трансформаторларнинг юкланганлик даражаси белгиланган техник меъёрдан юқорилиги аҳолини ва янги инвестиция лойиҳаларини электр энергияси билан тўлиқ таъминлаб беролмаслик ҳамда ҳудудларда электр таъминотида авариялар сони ошиши хавфини келтириб чиқармоқда. Хусусан, Тошкент вилоятида трансформаторларнинг юкланганлик даражаси 95 фоиз, Андижон вилоятида 92 фоиз, Тошкент шаҳрида 90 фоиз, Наманган вилоятида 84 фоизни ташкил этади”, дейилади вазирлик баёнотида.

3. Бундан ташқари, нархларнинг бозор механизмлари асосида шаклланмаганлиги ва асосий фондларнинг эскирганлиги соҳа корхоналари молиявий аҳволининг ёмонлашувига олиб келмоқда. Хусусан, 2021 йилни “Ўзтрансгаз” – 2,5 трлн сўм, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” – 2,1 трлн сўм зарар билан якунлаган.

Таъкидланишича, ушбу давлат корхоналарининг зарарлари ва уларнинг молиявий мажбуриятлари пировардида давлат бюджети харажатларининг бевосита ва билвосита ошишига олиб келмоқда.

“Электр энергияси нархи арзонлиги бўйича Ўзбекистон Ливия, Ангола, Судан, Қирғизистон, Зимбабве ва Тожикистондан сўнг дунёда 7-ўринни эгаллайди (Қирғизистон ва Тожикистонда электр энергиясининг асосий қисми гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилади, шу сабабли унинг нархи арзонроқ)”, дейилади расмий баёнотда.

Бундан ташқари, электр энергиясининг 1 кВт соатининг таннархини 800 сўм деб олсак, бир ойда ўртача 200 кВт соат электр энергияси ишлатадиган хонадон ойига 101 минг сўм, 400 кВт соат электр ишлатадиган хонадон эса 202 минг сўм миқдорида шартли субсидия олаётгани айтилмоқда.

“Бошқача қилиб айтганда, амалдаги тарифлар асосан даромади нисбатан юқори ва мос равишда кўпроқ энергия ресурслари истеъмол қиладиган абонентларга катта миқдордаги шартли субсидия берилишига олиб келмоқда.

Мисол учун, бир пайтнинг ўзида 2-3 та кондиционер, биттадан ортиқ музлаткич, компьютер ва бошқа электр жиҳозларидан фойдаланувчи, яъни тўлов қобилияти юқори хонадонлар мос равишда кўпроқ электр энергиясини сарф қиладилар. Натижада ушбу хонадонлар кўпроқ шартли субсидия олмоқдалар”, дейилади идора ахборотида.

Қайд этилишича, республикада табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 млн абонент мавжуд. Ушбу хонадонларнинг 85 фоизи ёки 3,4 млн та абонент ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин, уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг бор-йўғи 35 фоизи (4,5 млрд куб м) тўғри келади.

Шунингдек, электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент мавжуд. Уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин, мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи (5,7 млрд кВт с) тўғри келади. Мисол учун, бугунги кунда 1000 куб метр табиий газнинг таннархини 1,4 млн сўм деб олсак, ўртача бир ойда 500 куб м газ ишлатадиган хонадон ойига 500 минг сўм, лекин 1000 куб метр газ ишлатадиган хонадон 2 баробар кўп ёки 1 млн сўм шартли субсидия олмоқда.

4. Вазирликнинг маълум қилишича, аҳоли сонининг ошиб бориши ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши натижасида юзага келадиган талабни таъминлаш учун энергия ресурслари ишлаб чиқаришнинг қўшимча қувватларини барпо этиш лозим. Мисол учун, 2030 йилга бориб республика истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йиллик талаби ҳозирги 54,2 млрд куб метрдан 65 млрд куб метргача ошиши ҳисоб-китоб қилинган.

Электр энергиясида эса бу кўрсаткич жорий 74 млрд кВт соатдан 110 млрд кВт соатгача ошиши кутилмоқда. Йилига 110 млрд кВт соат электр энергияси етказиб бериш учун қўшимча равишда 19 ГВт қувватли янги электр станциялари қурилиши талаб этилади.

“Юқорида келтириб ўтилган энергоресурслар бўйича қўшимча қувватларни яратиш учун камида 25 млрд доллар маблағлар зарур.

Ваҳоланки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг амалдаги молиявий ҳолати бу қийматдаги лойиҳаларни амалга оширишга имкон бермайди.

Шу билан бирга, мазкур корхоналар томонидан кредит маблағларининг жалб этилиши ўз навбатида республиканинг ташқи қарзи ҳажмининг ошишига олиб келади”, дейилади идора баёнотида.

Шундан келиб чиқиб, соҳага хусусий инвестицияларни, шу жумладан давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида кенг жалб этиш келажакда янги қувватларни яратишнинг бирдан-бир йўли бўлиб ҳисобланади.

Бунда, энергетика соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилишнинг энг зарурий шарти – бу улар иштирокида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини рентабелли, яъни фойда келтирадиган нархларда сотиш бўлиб ҳисобланади.

“Юқоридагилардан келиб чиқиб, республиканинг йилдан йилга ошиб бораётган энерго ресурслар талабини барқарор ва тўлиқ таъминлаб бориш ҳамда соҳага хусусий инвестицияларнинг кириб келишини таъминлаш учун республика энергия ресурслари бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилиш зарур.

Албатта ислоҳотларнинг ушбу ўтиш даврида аҳолининг кам таъминланган ва паст даромадли қатлами манфаатларидан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимоя чоралари ишлаб чиқилмоқда”, дея режалар ҳақида маълумот берган вазирлик.

Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан пенсия ва болалари учун нафақа олувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилади.

“Таъкидлаш жоизки, давлат томонидан энергия ресурслари нархларини “шартли субсидиялаш” амалиёти сақлаб қолинади. Бироқ, “шартли субсидиялар”ни тақсимлашда ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш мақсадида “ижтимоий норма” тизими бутун республика бўйича амалга киритилади.

Маълумот учун. Энергия истеъмол қилишнинг ижтимоий нормаси сифатида аҳоли томонидан имтиёзли тариф бўйича тўланадиган маълум миқдордаги энергия тушунилади. Яъни, муайян белгиланган миқдоргача нисбатан пастроқ (имтиёзли) нархда сотилади ва бу миқдордан ошиғи эркин бозор нархида сотилади.

Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар табиий газ ва электр энергия тарифларини ижтимоий адолат тамойиллари асосида белгилаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларимиз учун энергия таъминотининг узлуксизлиги ва кўламини кенгайтириш учун замин яратади”, дея янги тартиб ҳақида қисқа тушунтириш берган Энергетика вазирлиги.

Қайд этилишича, бу борада тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Барча фикр ва таклифлар ўрганиб чиқилади.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Энергетика вазирлиги электр энергия

Баҳолаганлар

152

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг