Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари қай даражада таъминланган?

Жамият

image

Кеча, 20 январь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйичи вакили (Омбудсман) ҳамда UNICEF билан ҳамкорликда “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова, UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммедзаде, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раис ўринбосари Рената Винтер, Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шухрат Бафаев, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилорам Ташмухамедова ҳамда Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини таъминлаш учун масъул тегишли давлат органлари ва идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида болалар омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қилиш зарурлигини таъкидлаганди.

Хорижий тажрибалар шуни кўрсатадики, Бола ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган омбудсманлар фаолияти бола манфаатлари йўлида давлат бошқарувини такомиллаштириш, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг қоидаларини қонун ҳужжатларига ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий этиш, боланинг шахсига ҳурматни кучайтириш, жамоатчилик онги даражасини ошириш, давлат тузилмалари томонидан, ота-оналар ва уларни ўрнини босувчи шахслар томонидан боланинг шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний ҳамда энг устун манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

“Бу Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини илгари суришдаги муҳим қадамдир. Қонун қабул қилингангач, у Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ Ўзбекистондаги болалар, айниқса ҳимояга энг муҳтож болаларнинг ҳуқуқлари янада мустаҳкамлашга кўмак беради”, дейди UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

Давра суҳбати болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро институтларнинг тажрибасини ўрганиш ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Ўзбекистондаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ҳуқуқий асосларни яратиш масалаларини муҳокама қилишга қаратилган.

Кўпгина хорижий мамлакатларда Болалар омбудсмани фаолияти махсус қонунлар билан тартибга солинади (Польша – 2000 йил 6 январдаги “Бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман тўғрисида”ги қонун; Ирландия – “Болалар бўйича омбудсман тўғрисида” (2002); Франция – “Бола ҳимоячиси тўғрисида” 2000 йил 6 март; Швеция – 1993 йил 1 июлдаги “Болалар омбудсмани тўғрисида”ги қонун; Литва – 2000 йил 25 майдаги “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш назорати тўғрисида”ги қонун).

БМТнинг Бола ҳуқуқлари қўмитаси ва бошқа инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги шартномавий органлари томонидан олиб борилган болалар ҳуқуқларининг халқаро мониторинги Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлари мавжуд эмаслиги билан боғлиқ қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатади.

“Болалар Ўзбекистоннинг келажагидир. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун биз жавобгармиз. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши эса мана шу муҳим вазифани амалга оширишга ҳисса қўшади”, дейди Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Aлия Юнусова.

“Болалар омбудсмани тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойихасининг асосий мақсади Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсман институтини ташкил этиш ва унинг фаолияти билан боғлиқ жамоатчилик билан алоқаларни тартибга солиш, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва Ўзбекистон Республикасида болалар ва ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги бошқа халқаро ҳужжатларнинг қоидаларини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг