Ўзбекистонда байрам арафасида 14 нафар маҳкума озодликка чиқарилди

Жамият

image

Олий судда жазони ижро этиш муассасаларида оғир, ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 16 нафар маҳкума аёлнинг кассация тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисларида ҳар бир аёлнинг кассация тартибида берган аризаси қонун доирасида батафсил ўрганилди.

Маҳкума аёллар жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жазони ўташ жараёнида ўзининг ижобий жиҳатларини намоён этиб, муассаса раҳбариятининг ташаккурномасини олгани эътиборга олинди.

Судда иши кўрилган Ш.Сувонова аслида 2025 йил 9 сентябрда озодликка чиқиши керак эди. У Тожикистондан гиёҳвандлик моддасини контрабанда йўли орқали олиб келишга буюртма бериб, келтирилган 9,6 килограммдан зиёд “опий”ни хонадони ертўласига яшириб қўйган. 

Жазони ижро этиш муассасасида бундай жиноят содир қилган шахсларга қилмишларининг оқибати тушунтирилиб, зарур тарбиявий ишлар олиб борилади. Хатосидан тўғри хулоса чиқарган шахсларгина муддатидан олдин озодликка чиқарилиши учун тавсиялар берилган.

Суд ажрими билан содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда кафолат хатлари инобатга олиниб, 14 нафар аёлнинг тайинланган жазолари енгиллаштирилиб, жазодан озод қилинди. Улар оиласи, яқинлари бағрига қайтди. Шунингдек, 2 нафар маҳкума аёлга тайинланган жазолар енгиллаштирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг