Ўзбекистонда 234 нафар ҳомиладор аёлда коронавирус аниқланган. Вирус улар учун хавфлими?

Жамият

image

Ўзбекистонда бугунгача 234 нафар ҳомиладор аёлда коронавирус аниқланган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқармаси бошлиғи Барно Абдусамадова маълум қилди.

Ҳозирги кунга қадар 2,5 мингдан ортиқ ҳомиладор аёл карантин назоратига олинган бўлса, уларнинг 234 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланган, 120 нафари соғайган ва уйига жавоб берилган. Минг афсуски, уларнинг 2,9 фоизида касалик ўлим билан якунланган.

“Тажрибамиздан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, ҳомиладор аёлларда коронавирус агар улар ўз парваришини сақласа, гигиеник қоидаларимизга риоя қилсалар ва кўчага чиқмаса, оғир кечмаяпти”, дейди Барно Абдусамадова.

Сўнгги кунларда бир нечта ҳомиладор аёл коронавирусдан вафот этди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, бунда асосан ҳамроҳ касаллиги бўлган аёллар вафот этган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, коронавирусдан бошқа касаллиги бўлмаган ҳомиладор аёллар вафот этмаган.

“Бу қандай касалликлар? Семизликнинг II, III даражаси, юрак-қон томир етишмовчилиги касалликлари, нафас йўлидаги касалликлар, буйрак касалликлари бунга сабаб бўляпти”, деди Абдусамадова.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 25-28 июль кунлари беш нафар ҳомиладор аёл коронавирусдан вафот этди.

Ўзбекистонда 29 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 22 374 нафарни ташкил этмоқда. 12 668 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар (55 фоиз) соғайган. 129 киши вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

219

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг