Ўзбекистонда ҳам хавфли чигирткалар тарқалиши мумкинлиги айтилди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ижтимоий тармоқларда Қирғизистоннинг Аксий туманидаги қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларида Марокко чигирткасининг кўпайиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё бошқармаси мутахассиси Бахтиёр Муҳаммадев чигиртканинг мамлакатга кириб келиш хавфига баҳо берди. 

Унинг айтишича, Ўзбекистон шароитида зарарли чигирткалар хавфини бартараф этиш юзасидан ҳар йили куз ойларида кузги, эрта баҳорги кузатув назорат ишлари олиб борилади, чигирткаларнинг қишлов муддати тугаши, тухумдан чиқиш муддатлари тўғрисида кўп йиллик кузатув асосида кимёвий кураш тадбирлари режалаштирилади ва ўз вақтида ташкил этиш чоралари кўрилади. Ўзбекистонда Африка чигирткалари босиб кетиши хавфи тўғрисида хабарлар кузатилмаган.

“Республикамизда ҳозирги пайтда чигирткаларга қарши кураш тадбирлари давлат бюджетидан таъминланадиган Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги таркибидаги Чигирткаларга қарши кураш хизматлари томонидан амалга оширилади”, дейди у.

Мутахассис чигирткалар Ўзбекистон ҳудудига тарқалиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаган. 

“Ҳозирга қадар чигирткаларни бошқариш механизми ҳеч бир давлатда ишлаб чиқилмаган. Бу хабар огоҳликка чақиради. Ҳар йилгидек қўшни давлатларнинг чегарадош ҳудудларидан Ўзбекистон ҳудудига зарарли чигирткаларнинг учиб ўтиш хавфи мавжуд бўлиб келган”, дейди Муҳаммадев.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилда 50-60 минг гектар майдонга чигирткалар учиб ўтиши хавфи мавжуд. Шундай ҳолат юзага келганда, барча техника воситалари мобилизация қилиниб, кенг қамровли кимёвий ишловлар ўтказилиб, уларнинг кенг майдонларга тарқалиши хавфини бартараф этиш чоралари кўрилади, дея таъкидлаган вазирлик мутахассиси.


Мақола муаллифи

Теглар

чигиртка

Баҳолаганлар

180

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг