Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароси Ҳиндистонда теракт уюштирмоқчи бўлгани айтилмоқда

Олам

image

Ўзбекистон фуқароси Аъзамов Россия махсус хизматлари томонидан қўлга олинди. У билан бирга террорчилик ҳаракатини амалга ошириш мақсадида Ҳиндистонга кирмоқчи бўлган яна бир қирғизистонлик жангари тайёргарликдан ўтаётган бўлган. Бу ҳақда бугун, 27 август куни “Hindustan Times” газетаси "тергов маълумотларига" таяниб хабар берди. 

Нашрнинг ёзишича, Туркиядаги гуруҳ ўқув машғулотларини ўтказиб, Ҳиндистонга маҳаллий сиёсатчиларни ўлдириш учун Ўзбекистон фуқароси ва исми ошкор этилмаган Қирғизистон фуқаросини юборишни режалаштирган. Хабарларга кўра, улар Ҳиндистонга Россия орқали ўтиш ниятида бўлган, бироқ Аъзамов қўлга олинганидан кейин иккинчи жангари Қирғизистонга жўнаб кетган. 

Нашрнинг қайд этишича, Ҳиндистон хавфсизлик хизматлари ушбу масала бўйича Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ҳамкасблари билан алоқада бўлиб, терговга қўшилиш учун рухсат сўрамоқда. Ҳиндистон разведка хизматлари ҳам 30 ёшли Аъзамовни сўроқ қилиш протоколини кутмоқда – улар россиялик ҳамкасбларига Ҳиндистон ҳудудида теракт тайёрлаш мавзуси бўйича аниқ саволлар рўйхатини юборган. 

“Hindustan Times” шунингдек, Иордания разведкаси ҳиндистонлик ҳамкасбларини "Исломий давлат" террорчилик гуруҳига Интернет орқали уланган Жанубий Ҳиндистоннинг Тамилнад штатилик талаба Мир Анас Али ҳақида огоҳлантирганини таъкидлайди. Ушбу маълумотларга кўра, унинг "Исломий давлат"  ходимлари йигитга исми ошкор этилмаган "муҳим шахсни" ўлдиришни буюрган. Талаба 31 июль куни Тамилнад полицияси томонидан ҳибсга олинган ва ҳозирда қамоқда қолмоқда.  

Ўтган душанба куни Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Жамоатчилик билан алоқалар маркази ФХХ Россия Федерацияси ҳудудида террорчиликни содир этишни режалаштирган, Марказий Осиё минтақасида туғилган, Ҳиндистоннинг ҳукмрон доиралари вакилларидан бирига ўзини портлатиш йўли билан ҳужум қилмоқчи бўлган “Исломий давлат” террорчилик гуруҳи аъзосини аниқлаб, қўлга олгани ҳақида хабар берди. Ҳибсга олинган шахс Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбарни ҳақорат қилгани учун Ҳиндистонда жиноят тайёрлаётганини тан олган.

Ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси матбуот котиби Нупур Шарма июнь ойида миллий телевидениеда бўлиб ўтган мунозара чоғида Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар ҳақида кўплаб мусулмонлар томонидан ҳақоратомуз сифатида кўрилган бир неча сўзларни айтган. Унинг сўзлари Ҳиндистонда ва бир қатор мусулмон давлатларида норозилик уйғотган. Кейин Нью-Деҳли ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бир неча киши ҳалок бўлди. Натижада Шарма ишдан четлаштирилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

289

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг