Ўзбекистон ўзининг халқаро мажбуриятларини ҳурмат қилиши керак – Мак-Грегор

Жамият

image

Ўзбекистон ўзининг халқаро мажбуриятларини ҳурмат қилиши керак ва Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўз чиқишларида бунга алоҳида урғу бермоқда. Бу ҳақда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Мак-Грегор Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида сўз очди. 

“Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунчилигида сўз ҳамда матбуот эркинлиги ва Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари” мавзусида ўтган давра суҳбатида Ўзбекистондаги матбуот ва сўз эркинлигининг бугунги ҳолати, кун тартибида турган муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди. 

Учрашувда сўзга чиққан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Мак-Грегор ушбу давра суҳбати тарихий аҳамиятга эга экани ва унинг катта аҳамията эгалигига тўхталиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги бўйича охирги тўрт йил давомида эришилган ютуқларни эътироф этди. У халқаро мажбуриятлар масаласига алоҳида тўхталди. 

“Бу катта аҳамиятга эга ва жуда ҳам тарихий тадбир. ЕХҲТнинг матбуот ва сўз эркинлиги ҳақида ўз тавсиялари бор. Ўзбекистон учун ушбу тавсиялар нимани англатади? Биринчидан, мен 4 йилдан бери Ўзбекистонда ишлаяпман ва 2016 йил декабридан бери Президент Шавкат Мирзиёевнинг чиқишларини кузатяпман. Шунингдек, жамоатчилик олдидаги бошқа нутқларини ҳам тинглаганман. Охирги жорий йилнинг 30 сентябридаги чиқишларини ҳам шахсан кузатдим. Билиб турибмизки, Ўзбекистон ўзининг халқаро мажбуриятларини ҳурмат қилиши керак. Президент эса, сўз эркинлиги қандай бўлиши кераклиги ҳақида очиқ-ойдин гапирди”, дейди Жон Мак-Грегор.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги вакили ўз сўзида давом этар экан, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг биринчи раҳбарияти томонидан сўз ва матбуот эркинлиги борасида қилинган ишларни алоҳида таъкидлаб ўтди.

“Ўтган тўрт йил давомида ўзим бунинг шахсан гувоҳи бўлдим. Бу соҳада тараққиётга эришилди ва бу жуда қизиқарли кечди. АОКАнинг биринчи директори ва унинг биринчи ўринбосари (Комилжон Алламжонов ва Саида Мирзиёева – таҳр.) Венага борганини эслайман. Улар кўплаб учрашувлар ўтказган. Ушбу учрашувлар давомида сўз ва матбуот эркинлиги ва ЕХҲТга аъзо давлатлар мажбуриятлари ҳақида кўплаб музокаралар бўлиб ўтди. Халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистондаги тараққиётни олқишлаб, қўллаб-қувватлаганини кўрдик”, дейди Мак-Грегор.

Шунингдек, у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ОАВ, журанист ва блогерлар билан учрашиб, улар билан суратга тушганини “бу ажойиб ҳодиса”, дея ҳайратланиб эслади. Мак-Грегор мана шундай ижобий воқеликлар ЕХҲТнинг муҳим тадбирларини Ўзбекистонда ўтказишига сабаб бўлаётганини айтди.

“Ўзбекистон Президенти блогерлар ва оммавий ахборот воситалари билан учрашди. Мен бир-иккита фотосуратларни ҳам кўрдим. Биласизми, бу ажойиб ҳодиса! Олдин бу нарсаларни биз кўрмасдик. Давлат раҳбари ОАВ, журналист ва блогерлар билан учрашиб турибди. Шу тараққиёт эмасми? Бу нарса ЕХҲТ билан ЎЗбекистон ўртасида олиб борилаётган ҳамкорликни янада олға суришига хизмат қилмайдими? Албатта, хизмат қилади. Бу тараққиёт ЕХҲТнинг муҳим тадбирларини Ўзбекистонда ўтказишига сабаб бўлмоқда”, дейди у. 

Жон Мак-Грегор сўзи охирида Ўзбекистонда сўз ва матбуот  эркинлигини ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича ҳолатни имкон қадар янада яхшилаш учун шу ерда эканини таъкидлаб, ислоҳотлар йўлида ҳамнафас эканини билдирди.

“Сўнгги тўрт йилда бу соҳада кўп ишлар қилинди. Аммо тан оламиз, бу соҳада яна кўп иш қилишимиз керак.  Биз ўзбек халқининг ҳаётини имкон қадар янада яхшилаш учун шу ердамиз. Ўзбекистонда сўз ва матбуот  эркинлигини ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича ҳолатни имкон қадар янада яхшилаш учун шу ердамиз. Биз ўз ташкилотимиз билан Ўзбекистондамиз ва бу ердаги ислоҳотлар йўлида ҳамнафасмиз”, дейди Мак-Грегор.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  жорий йил август ойида – мамлакат мутсақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан ўтказилган маросимдаги нутқида ОАВ эркинлиги ва халқаро мажбуриятлар хусусида шундай деганди:

“Жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини эркинлаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини чуқур қарор топдириш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошлаган ишларимиз ортга қайтмас тус олганини яна бир бор таъкидламоқчиман.

Барчангиз хабардорсиз, ҳозирги мураккаб шароитга қарамасдан, биз зиммамизга олган барча халқаро мажбуриятлар ва келишувларни тўлиқ бажариб келмоқдамиз. Хорижий шерикларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқдамиз”.

Маълумот ўрнида, бугун ўтган давра суҳбатида  Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари – Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзер ҳам иштирок этди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев тадбирда сўз ва матбуот эркинлиги масаласига тўхталиб, жамиятга сўз ва матбуот эркинлиги жорий этилмаганида, пандемия шароитида аҳвол анча мураккаб кечган бўлишини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

ЕХҲТ Жон Мак-Грегор

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг