Ўзбекистон тарихида илк бор журналистика соҳасида 10 жилдлик китоб чоп этилди

Жамият

image

Ўзбекистон тарихида илк бор журналистика соҳасига оид 10 жилдлик қўлланма чоп этилди. Бугун, 6 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. 

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли топшириғи билан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги зиммасига журналистларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан келиб чиқиб, улар учун халқаро тажрибани ўрганган ҳолда, назариётчи олимлар ҳамда амалиётчиларнинг тажрибалари асосида журналистика соҳасига оид қўлланма тайёрлаб, чоп этиш вазифаси юкланган эди. Бугунга келиб мазкур қўлланма китобхонлар ҳукмига ҳавола этилди.

“Мазкур қўлланмани тайёрлаш ишлари беш ой олдин бошланган эди. Ўша пайтда раҳбаримиз Комил Алламжонов ҳамда директор ўринбосари Саида Мирзиёева ушбу масалага катта эътибор қаратиб, қўллаб-қувватлаган эдилар. Деярли ҳар ҳафта нашриёт раҳбарлари, қўлланма учун масъул шахсларга уни сифатли қилиб тайёрлаш юзасидан топшириқлар берилган эди. Мана, қисқа вақт ичида катта меҳнат эвазига 10 жилдлик қўлланма тайёр бўлди”, дейди Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджанов. 

Қўлланманинг ҳар бир жилди, улардаги боблар, мавзуларни аниқлаш мақсадида юқоридаги олий таълим муассасалари вакиллари билан бир қаторда Журналистлар малакасини ошириши маркази, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Дунё” ахборот агентлиги вакиллари, таниқли ижодкорлардан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилди. Бир неча бор маслаҳат йиғилишлари ўтказилди. Ҳар бир жилд бўйича масъул муҳаррирлар танлаб олинди ва уларнинг тавсиялари асосида муаллифлар таркиби шакллантирилди. Қўлланма олий таълим муассасаларида таълим жараёнида фойдаланиш билан бир қаторда, “Журналистнинг шахсий кутубхонаси” сифатида ҳар бир таҳририятда, журналистларнинг шахсий китоб жавонларидан ўрин олишга арзийдиган адабиётлар сифатида тайёрланди.

Қўлланманинг ҳар бир жилди “Журналистика назарияси, тарихи ва тараққиёти”, “Журналистика ҳуқуқи ва этикаси”, “Медиалингвистика ва таҳрир”, “Медиа-маркетинг ва менежмент”, “Босма оммавий ахборот воситаларида жанрлар ва маҳорат масалалари”, “Аудиовизуал журналистика”, “Онлайн журналистика ва медиада янги трендлар”, “Замонавий медиа муҳитда PR-хизматлар”, “Ихтисослашган журналистика”, “Журналистика социологияси ва психологияси” 1000 нусхада нашрдан чиқарилди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вакиллари, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчилари сўзга чиқиб, мазкур қўлланманинг чоп этилиши соҳа ривожи учун янги қадам бўлганини қайд этдилар.

Тақдимотда журналистика бўйича таълим олаётган талабалар ҳам сўзга чиқиб, мазкур қўлланманинг аҳамияти катта экани ҳамда бугунги давр журналистикаси учун сув ва ҳаводек зарур эканини таъкидладилар. Журналистларнинг саволларига мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

53

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг