Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси тарихдаги энг яхши натижани қайд этишди

Спорт 7229
image
-

Бугун, 18 июнь куни Ливан пойтахти Байрут шаҳрида таэквондо WТ бўйича Осиё чемпионати ўз якунига етди. Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 10 та медаль қўлга киритиб, ўз тарихидаги энг яхши натижасини янгилади.

Бугунги беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси шарафини Токио-2020 лицензиати Никита Рафалович (80 кг) ва Нияз Пўлатов (63 кг) ҳимоя қилди. Рафалович ярим финалда Хитой Тайпейи вакилига қарши баҳсда имкониятни бой берди ва бронза медали билан кифояланди. Пўлатов эса ҳал қилувчи жангда иорданиялик Заид Алхалавани билан ҳисоб-китоб қилди. Узоқ вақт кечган жангда Пўлатовнинг қўли баланд келди ва Ўзбекистонга учинчи олтин медални тақдим қилди.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақани 3 та олтин, 1 та кумуш ва 6 та бронза медали билан якунлади. Бу терма жамоанинг Осиё чемпионатларида медаллар сони ва сифати бўйича қайд этган энг яхши натижаси сифатида қайд этилди. Таъкидлаш жоиз, ушбу мусобақада Улуғбек Рашитов, Светлана Осипова ҳамда Нигора Турсунқулова каби ўзбекистонлик етакчи спортчилар иштирок этмади. Улар айни кунларда бор эътиборларини Токио-2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришга қаратишган.

Спортчилар орасида Шоҳсанам Аъзамова мусобақада қизлар йўналишида “Энг яхши таэквондочи” деб топилди. Ушбу таэквондочилар энди 20 июнь куни “Beirut Open” халқаро мусобақасида иштирок этади. Осиё чемпионатида совриндор бўлган ўзбекистонликлар рўйхати:

Олтин медаль:
-53 кг: Чарос Қаюмова
-62 кг: Феруза Содиқова
-63 кг: Нияз Пўлатов

Кумуш медаль:
-49 кг: Мадинабону Маннопова

Бронза медаль:
-68 кг: Жасур Жайсунов
-46 кг: Шоҳсанам Аъзамова
-74 кг: Шаҳбоз Тусматов
-80 кг: Никита Рафалович
-87 кг: Шуҳрат Салаев
+80 кг: Шоҳруҳ Ражабов

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 215
Рейтинг: 2.9
t
×