Ўзбекистон Озарбайжон билан стратегик шерикликни мустаҳкамламоқчи

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди.

Ўзбекистон раҳбари йиғилишни очар экан, Озарбайжон Ўзбекистоннинг яқин дўсти ва вақт билан синалган, ишончли стратегик шериги эканини таъкидлаган. Мамлакатларни дин, маънавий қадриятлар муштараклиги, анъаналар, тил ва маданият ўхшашлиги боғлаб туради.

Шавкат Мирзиёев ўзаро манфаатли ҳамкорлик юксак даражага чиққани, мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ришталари ва ўзаро англашув мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган. Президент Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклигини янада кенгайтириш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишга интилиш қатъий эканини тасдиқлаган.

Шунингдек, ҳамкорлик учун мавжуд улкан салоҳиятни ишга солиш, икки мамлакат иқтисодиётини тўлдириб турувчи омиллардан фойдаланиш зарурлигини урғулаган.

Хусусан, Мирзиёев ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, виночилик, озиқ-овқат, қурилиш, нефть-газ, газ-кимё, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда қатор лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этган. Икки мамлакатда истиқболли кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш мақсадида қўшма Инвестиция фондини ташкил этишга келишиб олинган.

Шунингдек, маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилиш учун Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудидаги эркин иқтисодий зоналарда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланган.

Шу маънода, транспорт коммуникациялари тизимидан, шу жумладан “Баку – Тбилиси – Қарс” темир йўлидан фойдаланган ҳолда бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари келишиб олинган. Икки томонлама савдо ва товарлар транзити йўлидаги тўсиқларни ўз вақтида бартараф этиш учун транспорт вазирлари раҳбарлигидаги махсус ишчи гуруҳ ташкил этилади.

Ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши – қишлоқ хўжалиги. Бу борадаги имкониятлар қайд этилар экан, мутасадди вазирларга ипакчилик кластерини ташкил этиш, ғўзачиликдаги лойиҳаларни илгари суриш, инновацион ишланмаларни жорий қилиш бўйича “йўл харитаси”ни келишиб олиш топширилган.

Томонлар яқин фурсатда мамлакатларимиз пойтахтлари ва йирик шаҳарлари ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишига келишиб олган. Ўзбекистон раҳбари жорий йилда Тошкент шаҳрида биринчи Ҳудудлар форуми ва уларнинг саноат салоҳиятига бағишланган кўргазмани ўтказиш таклифини илгари сурган.

Туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳам ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши қайд этилган. Президентлар бу борада алоҳида дастур қабул қилиш ва қўшма туризм ярмаркасини ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлаганлар.

Музокаралар чоғида маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, Маданият ва кино кунларини ўтказиш, олий таълим даргоҳлари, илмий муассасалар, спорт ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни кучайтириш юзасидан  қатор бошқа келишувларга ҳам эришилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг