Ўзбек боксчилари ноҳақ четлатилдими? МОҚ раиси ҳакамлар комиссияси масъули билан учрашди

Спорт 16979
image

Токио-2020 Олимпия ўйинларининг бокс беллашувларида ҳакамлар томонидан қабул қилинаётган қарорлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бунда кўпчилик АIBA (Халқаро бокс ассоциациаси) ташкилотини айбламоқда. Чунки бунга қадар Жаҳон ва қитъа чемпионатларида ҳам бир неча бор баҳсли ҳолатлар юзага келган.

Олимпия ўйинларида бокс жангларини ўтказиш Халқаро бокс ассоциацияси (АIBА) эмас, Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) томонидан тузилган махсус комиссияга топширилган. Комиссияга Халқаро гимнастика федерацияси президенти, япониялик Моринари Ватанабэ раҳбарлик қилмоқда.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ва Бош котиби Ватанабэ билан учрашиб, ушбу масалада суҳбатлашган. 

“Мусобақа давомида айрим делегациялар бокс бўйича мусобақалардаги ҳакамлик юзасидан ўз норозиликларини маълум қилди. Ўзбекистон МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва Бош котиб Ойбек Қосимов Моринари Ватанабэ билан учрашиб, вазиятга ойдинлик киритиб олишди.

Махсус комиссия учрашув давомида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси мутасаддиларини ўз фаолияти билан батафсил таништириб ўтди. Халқаро мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар бир беллашувда 5 нафар ҳакамдан ташқари алоҳида 2 махсус вакил орқали рефериларнинг қарори назорат қилиб борилади. Баҳс якунида эълон қилинган қарор қайта кўриб чиқилмайди”, дейилади қўмита расмий сайтидаги хабарда.

Шунингдек, жангларда рўй берган шубҳали ҳолатлар алоҳида ўрганиб борилади ва ўз ишига нопрофессионал ёндашган ҳакамлар Олимпия ўйинларидан четлатилиш ва уйига жўнатиб юборилиши белгилаб қўйилган. 

Маълумот учун, шу пайтга қадар ўзбекистонлик 2 нафар боксчи — Миразиз Мирзаҳалилов ҳамда Турсуной Раҳимова ҳакамларнинг нотўғри қарорига кўра мусобақадан четлатилган эди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1046
Рейтинг: 3
t
×