Украина Запорожьеда русларга қарши йирик ҳужумга тайёрланаётгани айтилмоқда

Олам

image

Украина Қуролли Кучлари (УҚК) Запорожье атом электр станцияси ва ўтиш жойлари ҳудудида йирик ҳужумга тайёргарлик кўраётгани айтилмоқда. Шу мақсадда артиллерия қурилмалари, шу жумладан М777 гаубицалари ва ялпи реактив ҳужум тизимлари (ЯРҲТ) минтақага олиб келинмоқда, деди бугун, 12 сентябрь куни “Россия-1” телеканалида “Биз Россия билан биргамиз” ҳаракати раиси Владимир Рогов.

Роговнинг сўзларига кўра, Украина Қуролли Кучлари “атом электр станцияси, ўтиш жойлари ва бироз шарқда катта ҳужумга” тайёрланмоқда.

“Кўп сонли оғир қуроллар, М777, HIMARS ЯРҲТ ва бошқаларни узатиш мавжуд”, дейди у.

Роговнинг разведка маълумотларига таяниб иддао қилишча, Украинанинг Запорожье вилоятидаги тўқнашув чизиғидаги барча ҳарбий амалиётларини мувофиқлаштириш Буюк Британия ва АҚШ томонидан амалга оширилмоқда.

Маълумот ўрнида, Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. 5 август куни украин матбуоти руслар ЗАЭСга тўрт марта ўқ узгани ҳақида хабар берди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.

Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.

Эслатиб ўтамиз, 10 сентябрь куни кечга бориб Президент Зеленский ой бошидан бери Украина Қуролли Кучлари мамлакатнинг Россия босқини остида қолаётган 2000 километрга яқин қисмини озод қилганини айтганди. Кейинроқ Харьков вилоятидаги Василенково ва Артемовка аҳоли пунктлари рус босқинчиларидан тозалангани айтилди

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг