Уч марта судланган Карате федерацияси президенти яна бир бор жиноий жавобгарликка тортилди

Спорт 21738
image

Жорий йилнинг 16 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор тумани суди томонидан Ўзбекистон Карате миллий федерацияси президенти Нурхон Зиётович Нафасов ва федерация мутахассиси Бухарбоев Ирик Мансуровичга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Унга кўра Нурхон Нафасов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 192-моддаси 1-қисми, 167-моддасининг (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисмининг “б,в,г” бандлари, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш бўйича) 2-қисмининг “а,б” бандлари ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 59 ҳамда 61-моддалари тартибида тайинланган ҳар турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли балан узил-кесил иш ҳаққининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (иккки) йил 3 (уч) ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида 17 224 000 (ўн етти миллион икки юз йигирма тўрт минг) сўм жарима жазоси тайинланди.

Ирик Бухарбоев эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167- моддаси 2-қисмининг “в” банди, 228-моддаси 2-қисмининг “б” банди ҳамда 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилди ва унга нисбатан Жиноят кодекси 59-моддаси тартибида тайинланган ҳар турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли балан узил-кесил иш ҳақининг 15 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 (бир) йил 3 (уч) ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Маълум қилинишича, уларнинг жазо ўташ ҳудуди, дея қамоқхона эмас, Ўзбекистон Карате миллий федерацияси биноси белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Нурхон Нафасовга нисбатан 2018 йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Ўзбекистон Каратэ Миллий федерациясининг собиқ раиси Нурхон Нафасов ва бошқаларга нисбатан жиноят иши очилган эди.

Бу вақт оралиғида Нафасов федерация раҳбарлигидан четлаштирилиб, унинг ўрнини Аламжон Муллаев эгаллаган эди. Орадан 11 ой ўтиб Нурхон Нафасов лавозимига яна тикланганди.

Маълумот ўрнида, Нурхон Нафасов 2003 ва 2006 йилларда ҳам судланган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 766
Рейтинг: 3
t
×