У “Барселона” учун идеал мураббий — Гвардиола Куман ҳақида гапирди

Спорт 2058
image

Клублар футболидаги таътил сабабли ўз юрти Испанияга йўл олган “Манчестер Сити” мураббийи Пеп Гвардиола у ерда ўз дўсти, Каталониянинг “Барселона” клуби бош мураббийи Рональд Куман билан бирга Мальорка шаҳрида гольф ўйнади. Ўйиндан сўнг эса майдонга ташриф буюрган “Marca” нашри журналистларининг Куман ҳақидаги саволларига жавоб берди.

“Таътил кўнгилдагидек кечмоқда, бугун дўстим билан гольф ўйнадик, кайфиятимиз аъло. У дўст сифатида ҳам, ҳамкасб сифатида ҳам супер одам. Негадир “Барселона” мухлислари уни ёмон кўришади, бу нотўғри. Рональд айни дамда “Барса” учун идеал номзод, унинг ўйин услуби ҳам яхши, фақатгина биринчи мавсум фактори сабаб шундай бўлди. Қанчадан қанча даҳо мураббийлар илк мавсумида омадсиз ўйин кўрсатган, шу сабаб унга ишончсизлик қилишга ҳали эрта.

Яқинда Агуэро ва Гарсия бизнинг жамоадан “Барселона”га бориб қўшилди, уларнинг танловини ҳурмат қиламан. Ўйлайманки, Куманнинг ўйин услуби ҳам уларникига мос тушади.

Лапорта билан ҳам гаплашдим, у ҳам менинг фикримга қўшилишини айтди, жамоанинг келаси мавсумдан умидлари катта. Ишонч билан айтоламанки, Куман бу ерга кераклилигини исботлай олади”, дейди Гвардиола.

Эслатиб ўтамиз, “Барселона” бу мавсум Испания Чемпионатида 3-ўринни қўлга киритди, ЕЧЛдаги юриш эса чорак финалда якунланди. Клубнинг янги президенти Жоан Лапорта эса мухлисларнинг норозилигига қарамай, Рональд Куманга яна бир мавсум имконият беришга қарор қилди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 44
Рейтинг: 2.7
t
×